ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Магнитский қонуни бўйича санкциялар киритилган шахслар рўйхатидан Ўзбекистоннинг собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова ҳам ўрин олган, деб баёнот берди АҚШ Молия вазирлиги. РИА Новости хабарига асосан.
2013 йилнинг октябрида Каримовага қарши уюшган жиноий гуруҳ таркибида 2001-2013 йилларда амалга оширилган товламачилик ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ишлари бўйича жиноий иш қўзғатилган эди. 2015 йилнинг августида Гулнора Каримова суд томонидан беш йилга озодликдан маҳрум этилган.
Президент Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг, 2016 йил сентябрда ОАВларда Гулнора Каримова ўлдирилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди, аммо бу маълумот ўз тасдиғини топмади. Женевалик адвокат Манжа Гулнорани 2016 йилнинг декабрида Тошкентда кўргани ҳақида оммага маълум қилган эди. Адвокатнинг сўзларига кўра, Каримова халқаро нормаларга зид шароитларда сақланмоқда.
Гулнора Каримованинг коррупция ва пулни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этишдаги айби уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Ш.Собиров ва бошқаларнинг, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъектлар ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.