ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Русларда ҳеч нима вақтинчалик нарса каби умрбоқий бўлолмайди, деган ибора бор. Айнан шу иборани кейинги 25 йил давомида Ўзбекистонда "Ички ишлар органларида хизмат ўташ тўғрисидаги муваққат низом" исботлаб турган эди.
Ниҳоят, ушбу, "умрбоқий" низом бекор бўлди. 2017 йил 29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиб-қоидаларини белгиловчи қарори эълон қилинди.
Қарорда Президент ички ишлар вазирлигининг кадрлар танлаш, жой-жойига қўйиш, уларнинг захирасини шакллантириш, шунингдек ички ишлар органлари ходимларининг хизмат ўташларини ташкиллаштириш ишлари қониқарсиз, деб баҳолади.
Шунга асосан саккизта устувор вазифалар белгиланиб, ходимларнинг асосий хизмат бурчи — халқ манфаатларига хизмат қилиш экани таъкидланди.
Қарор билан Ички ишлар органларида хизмат ўташ тўғрисидаги низом ва Ички ишлар органларининг интизом низоми тасдиқланди.
Шу пайтгача амалда бўлган Муваққат низом ва янги эълон қилинган низомни таққослаб, ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиб-қоидаларида ўта жиддий ва туб ўзгаришлар амалга оширилганини кўришимиз мумкин.
Хусусан, айрим тоифаларнинг хизмат ўташ ёши 5 йилга узайтирилди. Унга кўра сафдор ва сержантлар таркиби ва аёллар учун энг юқори ёш — 50, офицерлар учун 55, генераллар учун 60 ёш этиб белгиланди. Бунда полковник ва генерал унвонидагиларнинг ёшидаги чегара ўзгармаган.
Яна бир жиддий ўзгариш — пенсияга чиқиш ёши. Энди календарь ҳисобида тўлиқ 20 йил хизмат қилган ходимларгина пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Илгари пенсия ҳисоблашда имтиёзлар ҳам эътиборга олинарди ва 12,5 йил ишлаган ходим (агар армияда хизмат қилган бўлса) пенсия олиш ҳуқуқига эга бўларди. Хуллас, давлатга 12 йил хизмат қилиб, 32 ёшида пенсияга чиқиб, 50 йил пенсия оладиганлар кўп бўлган. Энди, бу — қайсидир маънодаги ҳақсизликка барҳам берилди.
Асосийси, ушбу имтиёз 20 йиллик хизматдан кейин, пенсия ҳажмини белгилашда ҳисобга олинади.
Ходимларни аттестациядан ўтказиш муддати 3 йилдан 5 йилга ўзгартирилди, раҳбарларни ротация қилиш эса аксинча, 5 йилдан 3 йилга қисқартирилди.
Номзодларни ички ишлар органларига хизматга қабул қилишдаям талай ўзгаришлар кўзда тутилган.
Энди хизматга бўйи 165 см. ва ундан юқори бўлган эркаклар ва 160 см. ва ундан юқори бўлган аёллар қабул қилинади. Илгари тегишинча 170 ва 165 сантиметр эди.
Шу пайтгача амал қилган, номзодларнинг руҳий ҳолати, соғлиги, жисмоний тайёргарлигини ўрганиш ва синовдан ўтказишлар қолгани ҳолда, якуний тест синовлари бекор бўлди. Энди номзодлар якуний суҳбатлар орқали хизматга қабул қилинади. Бунда ҳар бир ўрин учун камида икки нафар номзод суҳбатга кириши лозим бўлади. Шу билан бирга, айрим мутахассисликларни суҳбатсиз қабул қилиш ваколати ҳам белгилаб қўйилди.
Сержантлар таркибига ўқиш учун энди ўрта маълумотли номзодлар ҳам қабул қилинади. Илгари камида ўрта-махсус маълумот талаб этилар эди.
Интизом низомига мувофиқ ходимларни жазолашда қўшимча равишда амал маошининг 50 фоизигача миқдорда жаримага тортиш жазоси киритилди.
Бундан кейин ходимлар:
— бошлиқлар томонидан берилган ғайриқонуний буйруқларни бажармаслик ҳуқуқига эга.
Мутахассислар томонидан "тарихий" деб аталаётган ушбу қарор, шунингдек, хизмат ўташ, аттестациядан ўтказиш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш ва бошқа қатор масалаларда жиддий ўзгаришларни кўзда тутади. Бир сўз билан айтганда, Низом ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш масаласида шаффофликни, очиқликни таъминлаш, бу соҳада бугунги кунда юзага келган иллатларни бартараф этишга қаратилган.