ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Жорий йилда 750 минг дона маиший газ баллони етказиб берилиши режалаштирилган бўлса, ҳозирги вақтга қадар 670 мингтаси ўз эгаларига етказилган. Қолган 80 минг дона баллон 1 декабргача етказиб берилиши режалаштирилган, деди журналистларга "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Акмал Эшонқулов.
Ўзбекистонда аҳолига етказиб берилаётган суюлтирилган газ нархи бозор нархидан бир неча баробар арзон. Шу билан бирга маиший газ баллонининг нархи қарийб 300 минг сўмни ташкил этса-да, у аҳолига текин тақдим қилинмоқда. Бу ҳақда
Жамият томонидан аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилганидек, жорий йил якунига қадар истеъмолчиларга 376 минг 283 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу ўтган йилдагига нисбатан 125 минг тоннага кўпдир. Жорий мавсумда қўшимча равишда яна 26 минг 576 тонна суюлтирилган газ ажратилган бўлиб, бу ҳар бир хонадоннинг ойлик ўртача таъминот даражасини 10 килограммдан 15 килограммгача ошириш имконини беради.
Мутахассисларнинг фикрича, суюлтирилган газ фақатгина овқат тайёрлаш учун мўлжалланган бўлиб, 50 литрлик маиший газ баллонларида етказиб берилаётган газ бир хонадонга 40 кунгача етиши мумкинлигини кўрсатган. Шунга қарамай айрим хонадонларда газ баллонларидан иситиш ва бошқа мақсадлар йўлида фойдаланилиши оқибатида газ етмай қолиши кузатилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 июндаги иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2017/2018 йилларнинг куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг ўтган даврида "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти томонидан 99,6 километр газ қувурлари таъмирланган, 236,7 километри реконструкция қилинган, 68 минг 559 дона газ тақсимлаш пункти назорат текширувидан ўтказилган.