ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. "Ўзбекэнерго" АЖ электр станцияларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Лутфулла Нуруллаев компания 2018 йилнинг қиш мавсумига тўлиқ тайёр эканлигини маълум қилди.
"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2017/2018 йилларда куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида жойларда мукаммал таъмирлаш ишларини сифатли бажарилишига катта эътибор берган ҳолда барча корхона ва ташкилотларда тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Юқоридаги дастурга асосан Ўзбекистон бўйича 18 320 км электр узатиш тармоқлари ва 6272та трансформатор пунткларини мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилиб, бугунги кунда 100,9%га мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди", — деди Нуруллаев.
Компания вакилининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 10 ойи давомида "Ўзбекэнерго" томонидан 44,9 миллиард киловатт соат электр энергияси ҳудудларга етказиб берилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 миллиард киловатт соатга кўп демакдир.
"Ўзбекэнерго" раҳбарияти қиш мавсумида узилишлар бўлмаслигига ваъда берди.
Анжуманда журналистлардан келиб тушган савол асосида Ўзбекистон Республикасида аҳоли томонидан электр энергиясини истеъмол қиладиган вилоятлар учлиги ҳақида маълумот берилди.
Республикада электр энергияси истеъмоли бўйича етакчи ўринда Самарқанд вилояти (216 млн киловатт соат) эгалласа, иккинчи ўриннда Наманган (134 млн) ва учинчи ўринда Андижон вилояти (132 млн киловатт соат атрофида) турар экан.