Телевизорда кўп кўргансиз: мухбир кинотеатрнинг чиқиш эшиги олдида туриб, томошабинларни сўроққа тутади:
— Фильм ҳақида фикрингиз?
Жавоб ҳакам ҳукм ўқигандай жаранглайди Тарбиявий аҳамияти бўлса, демак яхши кино, яхши асар!
Нима деган гап ўзи бу — тарбиявий аҳамияти бор?
Гоҳ-гоҳида кап-катта, обрўли мутахассислар ҳам телевизорга чиқиб, шунга ўхшаш фикр билдириб қолади. Адабий асарлар ҳақида ҳам шунга ўхшаш гаплар айтилмоқда.
Хуллас, ҳаммаёқда тарбия!
Санъат ва адабиётни юмушга айлантириб қўйибмиз-да, унда!
Кинодан чиқиб, тарбия ҳақида гапиришлар фильмнинг ижобийлигини эмас, балки биз кинога тушишдан уялиб қолганимизни исботлайди, холос. Чунки шу гап билан овораи сарсон бўлиб киносаройга келганимизни оқламоқчи бўламиз.
Асар ижодкорлари бу каби далилни келтирса, билаверингки, асарнинг насиҳатбозликдан бошқа ҳеч қандай жозибаси йўқ.
Санъат ва адабиётнинг вазифаси кўп. Кўнгилочар, эстетик завқ бериш, дидни тарбиялаш, ахборот бериш ва ҳоказо.
Улар қайси вазифани бажаришдан қатъий назар, параллел равишда тарбия функциясини амалга оширади. Чунки инсон ҳар қандай воқеа-ҳодиса, ахборотдан маълум хулосалар чиқаради, хулоса эса унинг онги, дунёқараши шаклланишида озиқ бўлади. Ҳатто энг разил ишлар ҳақидаги асарлар ҳам кишини яхшилик йўлида тарбиялайди.
Дейлик, Камью асарларининг қаҳрамонлари эгоист, ўзидан бошқани ўйламайдиган шахслар, баён этилаётган воқеалар ҳам бизнинг ахлоққа зид. Танқидчиларимиз уларни ғарб ахлоқи инқирозини фош этиш сифатида талқин этади. Демак, бу асарлар ўқувчига ёмон йўлни кўрсатиб, уни тўғри йўлдан юришга ундайди.
Насиҳатни ёқтиришимиз бор гап. Буни Тоҳир Маликнинг ушбу йўналишдаги асарлари оммабоплигидан ҳам билса бўлади. Лекин "тарбияли-тарбияли" деявериб, халқни санъат ва адабиётдан узоқлаштириб юбордик. Ахир ҳеч ким, "театрга тушиб, бироз тарбия олиб келай", демайди-ку. Ҳатто бунақа ўйни кўнглигаям яқин йўлатмайди. Чунки бу дунёда ҳар қандай инсон ўзини тўлиқ тарбияланган ҳисоблайди. Бадиий асарларга, ҳеч бўлмаганда шу сўзни тиркамаганимизда, унинг мухлислари ҳозиргидан бироз кўпроқ бўлармиди?
Биламиз-ку, ахлоқсизлик, тарбиясизликни тарғиб этувчи асар борки, мухлислари кўп. Синов учун бирор асарни ахлоқсизликда айблаб кўрайлик, эртасигаёқ мухлислари сони кескин ортади. Бир пайтлар афишасига "16 ёшга тўлмаганлар киритилмайди" деб ёзилган кинога томошабинлар оқиб келарди. Ана сизга тарбия!
Қолаверса, бизнинг назаримиздаги тарбиявий асарларни фақат иқтидорсиз шахсларгина яратади. Ҳақиқий асар эса томошабинни, китобхонни унинг ўзига билдирмай тарбиялайди.