TOШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, кўпайтириш ва тарқатиш тавсия этилмайдиган хорижий кинофильмлар рўйхати тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, Ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги Эксперт комиссияси йиғилишининг баёни билан "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, кўпайтириш ва тарқатиш тавсия этилмайдиган ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатувчи, сюжетида шафқатсизлик, ваҳшийлик, зўравонлик ҳамда беҳаёлик саҳналари мавжуд бўлган хорижий кинофильмлар рўйхати" тасдиқланган.
Экспертиза натижаларига кўра ушбу рўйхатга 225 та хорижий кинофильм киритилган бўлиб, мутахассислар томонидан сюжетида зўравонлик, шафқатсизлик, ваҳшийлик, беҳаёлик, наркотик ва психотроп моддалар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини, шунингдек ахлоқий бузуқлик, енгилтабиатлик, шаҳвоний нафсга эрк бериш, бесоқолбозлик, свингерликни тарғиб қилувчи саҳналар мавжудлиги боис Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тавсия этилмайди деб топилган.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ зўравонлик, шафқатсизликни тарғиб қилувчи,порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки республика ҳудудига олиб кириш, уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш каби хатти-ҳаракатлар тақиқланади.
Тақиқланган фильмлар рўйхати агентлик сайтида келтирилган.