Нодирбек Абдусатторов: "Беш йилдан сўнг дунёнинг энг кучли шахматчилари рўйхатида бўламан"

© Фото из личного архиваНодир Абдусаттаров, юный гроссмейстер
Нодир Абдусаттаров, юный гроссмейстер - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Дунёнинг энг ёш гроссмейстери унвонига сазовор бўлган Нодир Абдусатторов ҳар бир турнирдан кейин атиги 2 кун ҳордиқ чиқариб, яна машғулотларга шўнғийди. Гроссмейстер бўлиш қандай экан, деган саволга у: "Яхши. Лекин мени бундан ҳам юксакроқ орзуларим бор", дея жавоб қайтарди

ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Нодир Абдусатторов Ўзбекистонда Рустам Қосимжоновдан кейин энг кўп тилга олинадиган шахмат устасидир. Шу йил, яъни 13 ёшида, гроссмейстер унвонига сазовор бўлган бу йигит Sputnik мухбири билан бўлган суҳбат давомида шахматнинг фойдаси, кимга ўхшашни хоҳлаши ҳақида гапирди ва 5 йилдан сўнг қандай ютуқларни қўлга киритишини тахмин қилди. 

Энг ёш шахмат устаси

18 сентябр куни Нодирбек Абдусатторов 13 ёшни қарши олди. Бу ёшда ўсмирларнинг аксарияти эндигина ўзлигини англаб, ўз олдига мақсадлар қўйиб, илк натижаларни қўлга киритишни бошлайди. Тошкент шаҳри Яшнобод тумани 152-мактаб 7 синф ўқувчиси Нодирбек эса бу ёшга келиб, Ўзбекистон шахмат тарихига кўплаб ғалабаларни муҳрлашга муваффақ бўлди.

Ўзбекистонлик шахматчи - Вохидов Шамсиддин - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонлик шахматчилар ўтган йил 67 медал соҳиби бўлишди

Беш ёшида Ўзбекистонда ўтказилган турнирларда илк олтин медални қўлга киритган Нодирбек 7 ёшида Словениянинг Марибор шаҳрида ўтказилган мусобақада Жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган; 8 ёшида ФИДЕ устаси, 12 ёшида Ҳалқаро спорт устаси унвонлари билан тақдирланган.

12 ёшгача уч карра Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Нодир 2017 йил Санкт —Петербургда ўтган халқаро шахмат турниридаги ғалабаси туфайли жаҳондаги энг ёш иккинчи гроссмейстер мақомига эга бўлди.

Жаҳондаги энг ёш гроссмейстерлар рўйхатига жами 29 кишининг исми киритилган бўлиб, Нодирбек Абдусатторов бу рўйхатдан ўрин олган биринчи ўзбекистонликдир.

Чемпионнинг туғилиши

…Ҳаммаси оилавий ўйинлардан бошланган. Оила бошлиғи аввал тўнғич фарзанди — ўғлига, сўнгра, ўртанча фарзанди — қизига ушбу ўйин сирларини ўргатади. Ака ва опаси шахмат ўйнаб ўтиришганини кўрган 3 яшар Нодирбек, улар ёнига келиб, шахмат доналарини қўлига олиб қизиқсинаб томоша қиларди…

Сарвиноз Қурбонбоева - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонлик қиз Евросиёнинг энг гўзал шахматчиси номи учун курашмоқда
Шоҳ, фарзин, фил, отлар, тўра ва пиёдаларнинг оқ-қора оламига Нодирбек шу тариқа кириб келган.

"Икки фарзандим шахмат тўгарагига қатнар эди. Нодирбек кичкина бўлгани учун, уни уйда ташлаб кетолмасдим, шу боис ўзим билан олиб юрардим. Акаси ва опаси мусобақаларда қатнаша бошлагач, Нодирбек ҳам ўзини синаб кўрсин, дея кенжамни турнирларга қатнаштиришга ҳаракат қилдим", — деб эсга олади ёш гроссмейстернинг онаси — Марзия Очилова.

Албатта, ғалабалар осонликча қўлга киритилмаган. Тўсиқлар ҳам бўлган. Гап шундаки, шахмат тўгарагига қатнайдиган болалар ёзишни билишлари шарт эди.

"Болалар ўз партиясини қайд этиб боришлари учун ёзишни билишлари шарт эди. Шу боис, Нодирбекка 4 ёшидан ёзишни ўргатганмиз. Миттигина бола битта "ходни" уч дақиқалар вақт кетказиб, қийналиб ёзарди. Ўғлим ғалабаларга ҳам бирданига эришмаган, албатта. Бошида бир неча маротаба ютқазган, сўнг дурранг ўйнашни бошлаган ва кейин-кейин ютуқларга эришган", — қўшимча қилади Марзия Очилова.

Оилада Нодирбекнинг илк ютуқларини бот-бот эсга олиб туришар экан.

Онанинг сўзларига қараганда, Нодирбекка шахматдаги "ход"ларни ҳеч ким ўргатмаган. У уйдагиларнинг ўйинларини кузатиш асносида шахмат сир-асрорларини мустақил ўрганиб борган.

Нодирнинг айтишича, у мактабда синфдошларига ҳам шахмат сирларини ўргатади. "Шахматнинг математика фанига фойдаси катта. Шахмат ўйини туфайли ҳисоблаш — қўшиш ва айириш тезлиги ортади", — дейди у.

Шахматчилар ичига кимга ҳавас қиласиз, деган саволга, Нодир жаҳоннинг биринчи рақамли шахматчиси — норвегиялик Магнус Карлсенни жуда яхши кўришини ва унинг ҳар бир ўйинини қолдирмай кузатиб боришини маълум қилди.

Ютиш санъати

Нодирбек шахматни танлагач, ота-онаси уни 15-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг шахмат бўлимига олиб боришади.

Шахмат бўйича ўқувчилар ўртасида жаҳон чемпионати - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонлик ёш шахматчилар жаҳонда тенгсиз эканликларини кўрсатишмоқда
Мураббий Равшан Шукуров илк учрашувдаёқ Нодирбекдаги иқтидорни пайқаган ва унинг маҳорати ошишида билим ва тажрибасини аямаган.

"Равшан Шукуров билан тўрт ярим ёшимдан шуғуллана бошлаганман. Беш ёшимда эса 8 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўтказилган турнир чемпиони бўлдим", — деб эсга олади Нодирбекнинг ўзи.

2011 йилда Нодирбек икки бор Осиё чемпионатида совриндорлар сафидан жой олди. Дастлаб мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган қитъа биринчилигида иштирок этиб, олтин, кейин эса ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида бронза медали соҳиби бўлган.

Бундан ташқари, Санкт-Петербургда ташкил этилган халқаро турнирда зафар қучган.

2012 йилда 9 яшар Нодирбек Словениянинг Марибор шаҳрида тезкор шахмат бўйича ўтказилган, дунёнинг 126 мамлакатидан 2600 нафарга яқин спортчи иштирок этган жаҳон чемпионатида ғолиб чиққач, эҳтимол, Ўзбекистонда Рустамжон Қосимовнинг издоши камол топаётганига ҳеч кимда шубҳа қолмагандир…

Нодир шу вақтдан бошлаб халқаро гроссмейстер Дмитрий Қаюмовдан сабоқ олишни бошлайди.

Ҳар бир муваффақият ортида улкан меҳнат ётишини Нодирбек жуда яхши билади.

"Бошида машғулотларга кунига 1-2 соатдан вақт ажратар эдим. Профессионал деган мақомга эга бўлгач, янаям кўпроқ вақт сарфлаяпман", — таъкидлайди у.

— Шахматни жиддий ўзлаштириш учун — ўз устингда тинимчиз ишлаш, шунингдек ўз хатоларингни таҳлил қилиш муҳим. Бирор турнирда мағлубиятга учрасам, мусобақа тугаши блиан мураббийим билан ўйинни бир бошдан таҳлил қиламиз. Қаерда хатога йўл қўйганимни аниқлаймиз", — иқрор бўлади ёш шахматчи.

Нодирнинг айтишича, халқаро турнирларда ҳар бир "ход"дан кейин ҳаракат стратегиясини ҳисоблаш учун керак бўлса бир соат мулоҳаза қилар экан. "Ҳар бир "ход"дан кейин вариантлар жуда кўп бўлади. Мен уларнинг ҳаммасини ўйлаб чиқишга ҳаркат қиламан", — деди шахматчи. Нодирнинг айтишича, бу вариантлар 50тагача бориши мумкин экан.

© Дилшода РахматоваНодирбек Абдусаттаров показывает корреспонденту Sputnik свою любимую тактику
Нодирбек Абдусаттаров показывает корреспонденту Sputnik свою любимую тактику - Sputnik Ўзбекистон
Нодирбек Абдусаттаров показывает корреспонденту Sputnik свою любимую тактику

"Уйда бўлган вақтларимда ҳам хилма-хил тактикаларни ўйлаб чиқаман", — суҳбатни давом эттиради у.

Нодирбекнинг айтишича, у ўз келажагини фақат шахмат билан боғлиқ ҳолда кўради. "Беш йилдан сўнг ўзингизни қаерда ва қай тарзда кўрасиз?", — деган саволга ёш шахматчи "Дунёнинг энг кучли ўн шахматчиси рўйхатида бўламан", — дея жавоб берди.

Шахматнинг ватанидан келган рақибни мот қилди

Нодирбек Абдусатторов 29 октябрда Санкт-Петербургда якунланган Чигорин Мемориали халқаро шахмат турнирида ҳиндистонлик 24 ёшли гроссмейстер Панаяппан Сетхураман ва россиялик 27 ёшли гроссмейстер Евгений Левинни мағлубиятга учратди.

Шавкат Мирзиёев на саммите ОИС в Астане - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев тошкентлик мактаб ўқувчисига Macbook совға қилди
Россиялик халқаро даражадаги гроссмейстерлар —32 ёшли Артем Тимофеев ва Евгений Алексеев билан дуранг ўйнади. 

Оламшумул ғалаба олиб келган турнир ҳақида гапирар экан, шахматчининг онаси Марзия опа шундай деди: "Санкт-Петербургдаги турнирга боришдан ниятимиз гроссмейстерликнинг учинчи талабини бажариш, рекордни янгилаш эди. Ўғлим рақиблар билан ўйинларда ғалаба қозониб, дурранг натижа билан якунлаб келаётган эди, еттинчи турга етганида ютқазиб қўйди. Ўшанда кайфияти тушиб кетиб, йиғлаган, қўшилиб бирга йиғладим… Бор дардларни чиқариб олгач, эртанги турнирда ҳеч бўлмаса ютқазмасликка келишиб олдик. Рақиблар ҳақиқатда кучли эди, уларнинг ёши ҳам катта эди. Хуллас, охирги тур бўладиган кун олдидан ухлолмай чиққанмиз…"

Мусобақада гроссмейстерликнинг учинчи талабини бажарган Нодир эҳтимолий 9 очкодан 6,5 очко тўплаб, 13 ёшида жаҳондаги энг ёш иккинчи гроссмейстер мақомига эга бўлди.

ФИДЕ табриги ва Мирзиёевнинг совғаси

Нодир Абдусатторовнинг ютуқлари энг олий — халқаро даражада эътироф этилди. 2017 йилнинг ноябрида у Халқаро шахмат федерацияси(ФИДЕ) президентидан қутлов мактубини олди.

© Фото из личного архиваНодир Абдусатторов
Нодир Абдусатторов - Sputnik Ўзбекистон
Нодир Абдусатторов

ФИДЕ президенти Кирсан Илюмжинов, Нодир Абдусатторовни гроссмейстерлик даражаси билан табриклаб, қуйидагилар фикрларни билдирган эди: "Сен меҳнатсеварлигинг, интилувчанлигинг, тиришқоқлигинг ва ғалаба қозонишга бўлган хоҳишинг туфайли улкан ютуқларга эришдинг. Сенинг ҳаётга бўлган қарашларингга ҳар ким хавас қилса арзийди. Айни вақтда сен шахмат тарихидаги энг ёш иккинчи гроссмейстерсан, ўз ёшинг бўйича эса рейтингда биринчиликни эгаллаб турибсан. Сен ўз ғалабаларинг билан буюк ўзбек халқининг муносиб вакили эканлигингни исботладинг.

Сенга омадлар ёр бўлсин, менинг жажжи дўстим! Сен — ўз ватанинг, яқинларинг ва дўстларинг фахри ва ғурури, ватандошларингнинг умидисан, улар сенга ишонч боғлашган. Юксак марралар, шахмат тахтаси атрофида эса гўзал партиялар ва илҳом тилайман".

Нодирбек Абдусатторовнинг ғалабаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам эътироф этилди. Ёш гроссмейстерга замонавий ноутбук — MacBook Pro совға қилинди.

Янгиликлар лентаси
0