ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik, Дмитрий Ключевский. 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича ўтказилган анжуманда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари ҳамда эксперт ва дипломатлар Марказий Осиё бешлиги учун давлат раҳбарлари даражасида мулоқотнинг янгича шакли зарур деган якдил хулосага келдилар.
Sputnik мухбири Марказий Осиё ичида ҳамда унинг ташқарисидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов билан суҳбатлашди.
— Сиз раҳбарлик қилаётган институт россиялик ҳамкасблар билан қандай ҳужжатлар имзолади, қайси йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда?
— Биз янада мустаҳкам алоқалар ўрнатиш ва биргаликда эксперт тадбирларини ташкил этиш мақсадида Россия президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти билан ҳамкорлик меморандумини имзоладик. 2018 йилнинг биринчи чораги ниҳоясида давра столи ўтказишни режалаштирганмиз.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йилнинг апрелида Москвага ташрифи якунларига кўра барча соҳаларда келишувларга эришилди, бир неча миллиард долларлик ўнлаб шартномалар имзоланди. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун йўл харитаси ишлаб чиқилди. Бизнинг вазифамиз ҳали очилмаган, айниқса Россия ҳудудларидаги салоҳиятни баҳолашдир. Айнан шу мақсадда РСТИ билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бу биринчи навбатда иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик билан боғлиқ, лекин бошқа йўналишлар ҳам бор.
Сиёсий мулоқотларга келадиган бўлсак, Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари ўртасидаги ишонч ва бир-бирини тушуниш юқори даражада эканлиги кузатилмоқда. Стратегик ва иттифоқчилик ҳамкорлиги бўйича илгари эришилган келишувлар ҳозирда амалий ифодасини топмоқда.
— Сизнингча, Россия ва Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасига умумий таҳдид солиб турган қайси хавф-хатарлар ташвишга солмоқда?
— Биринчи навбатда, бу Афғонистондаги вазият, террорчи ва экстремистик гуруҳларнинг фаоллашуви эҳтимоли, шу боис бу масалада кучларни бирлаштириш жуда муҳим ҳисобланади.
Иккинчи йўналиш – бу Россияда бўлиб турган меҳнат мигрантларининг экстремистик ёки террорчи гуруҳлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш. Санкт-Петербург ва Нью-Йоркдаги фожиали воқеалар бу масаланинг ўта долзарб эканлигини кўрсатмоқда. Жаҳон экспертлари Ўзбекистон фуқаролари радикал оқимлар таъсирига республика ташқарисида тушиб қолишаётганини тан олишмоқда. Мамлакатимизда ёшларнинг экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш бўйича самарали тизим аллақачон ишлаб чиқилган. Бунда маҳалла ўз-ўзини бошқарув институти ҳамда диний таълим тизими муҳим роль ўйнади. Бизда исломнинг асл қадриятлари борасида аниқ тасаввурга эга минглаб имом-хатиблар бўлиб, улар аҳолига, айниқса ёш авлодга таълим бериб келмоқдалар. Улар инсонга маънавий қувват берувчи маърифатли ислом динининг ўзига хос тарғиботчиларидир.
— Анжуманда Марказий Осиёнинг бирлашиши борасида таклифлар бўлди, мазкур минтақа давлатлари ўз келажакларини ўзлари шакллантиришга тайёр эканлиги ҳақидаги қарашлар билдирилди. Аммо айрим қарама-қаршиликлар ҳам мавжуд, ташқи кучларнинг таъсири ва манфаатларини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Ушбу вазиятда Марказий Осиё давлатларининг бирлашиш истиқболи қай даражада?
— Форумда Марказий Осиё жаҳоннинг етакчи марказлари – Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва Покистон ўртасида буфер ҳудуди ролини бажариши ҳақидаги фикр янгради. Марказий Осиё халқаро эътибор марказида эканлиги, маълум бир геосиёсий рақобатни келтириб чиқаришининг ажабланарли жойи йўқ.
Шу билан бирга Марказий Осиёдаги барча давлатлар, айниқса Ўзбекистон ўтган чорак аср давомида тенг масофали ташқи сиёсатни ишлаб чиқишга эришди. У бир давлат билан бошқа давлат манфаатига зиён етказмаган ҳолда ҳамкорлик қилишга асосланган.
Шу тарзда Япония ёки Корея "Марказий Осиё давлатлари плюс Корея ёки Япония" шаклини таклиф этса ё бўлмаса "ЕИ+Марказий Осиё" шакли таклиф этилса, бу шакллар мавжуд халқаро майдонлар, масалан, Россия ташкилий давлат ҳисобланган МДҲга салбий таъсир кўрсатмайди. Хитой, яқиндан буён Ҳиндистон ва Покистон иштирок этувчи ШҲТ борасида ҳам вазият шундай.
Айнан МДҲ ва ШҲТ Марказий Осиё давлатларига кўплаб масалалар – минтақавий ва халқаро масалаларда ўз қарашларини яқинлаштириш имконини берди ҳамда хавфсизлик ва барқарорлик, транспорт-логистика тизимини ривожлантириш бўйича умумий манфаатларга эга бўлишини таъминлади. Бир тарафдан Россиянинг ташаббуси — "шимол-жануб" лойиҳаси бўлса, иккинчи тарафдан Хитой таклиф этган "шарқ-ғарб" транспорт йўлаги бор. Лекин улар бир-бирига зид эмас, аксинча, бир-бирини тўлдиради.
Бугун Марказий Осиё давлатлари минтақа миқёсида биргаликда ҳаракат қилиши, маслаҳатлашиши лозим дегани мазкур беш давлатдан ташқаридагилар билан қарама-қарши бўлиш дегани эмас. Бизнинг учрашувларимиз очиқ тусда бўлади ва ҳеч кимнинг манфаатига қарши қаратилмайди.
Етакчи ҳамкорлар – Россия ва Хитой, АҚШ ва Евроиттифоқ ҳамда Ҳиндистон ва бошқа давлатлар бизнинг ўзаро муносабатларимиз ҳеч қачон бошқалар манфаатига таҳдид солмаслигини яхши англашади. Минтақа ичида ҳам, жаҳоннинг йирик марказларида ҳам бирдамлик мана шундан келиб чиқади. Улар бугунги Марказий Осиё — ривожланган ва етарли имкониятларга эга минтақа эканлигини билишади.
Ҳозирча ечими ноаниқ масалаларни эса экспертлар даражасида ҳал қиламиз. Октябрь охирида биз Ўзбекистон-Қозоғистон форумини ўтказдик, ҳозирда эса минтақавий форумни ташкил этиш ва барча иштирокчиларни жалб этиш учун унинг тамойилларини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқдамиз. Биз барча мавжуд мураккабликларни ўрганиб чиқамиз ва эксперт таҳлили ҳамда у ёки бу масалани ечиш бўйича таклифлар тайёрлаймиз.
— Минтақа давлат раҳбарлари учун ШҲТ ёки МДҲ тамойиллари бўйича музокаралар майдони тайёрлаш керакми ёки доимий жой танлаган яхшими?
— Анжуманда Қозоғистон ТИВ раҳбари Марказий Осиё раҳбарларининг ана шундай биринчи учрашувини Наврўз байрами арафасида Астана шаҳрида ўтказиш таклифи билан чиқди. Кейинчалик эса қайси давлат ўз майдонини таклиф қилишига қаралади. Ўзбекистон бундай учрашувлар фақатгина ўз ҳудудида ўтказилиши керак деган қарашдан йироқ.
Бундай шаклда ҳеч қандай котибият бўлмайди, ҳаммаси ким таклиф этади тамойили асосида бўлади. Шунга мувофиқ, мезбон давлат барча ташкилий масалаларни ўз зиммасига олади, асосий кун тартиби ва бошқа жиҳатларни тайёрлайди. Ишончим комил, бундай учрашувлар минтақадаги барча давлатларнинг ўзаро муносабатлари янада юксалишига хизмат қилади.