ТОШКЕНТ, 6 ноя – Sputnik. Жиззахда, Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан, атоқли адиб ва буюк давлат арбоби – Шароф Рашидов ҳайкали очилди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сенати ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, адабиёт ва санъат намояндалари, вилоят аҳли, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган юртдошларимиз, чет эллик меҳмонлар иштирок этди. Шароф Рашидовнинг фарзандлари, дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва бошқа яқинлари қатнашди.
Ҳайкал очилиш маросимида Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидовнинг халқимиз манфаатлари йўлидаги улкан хизматлари ҳақида нутқ сўзлади.
Хусусан, президент Шароф Рашидовнинг оддий халқ орасидан чиққани, ноёб ақл-заковати, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги билан катта обрў-эътибор қозонгани, халқимизга садоқат билан ҳалол хизмат қилганини эсга олди.
“Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди”, — деди Мирзиёев.
Тадбирда, шунингдек, академик Оқил Салимов, меҳнат фахрийси Исмоил Жўрабеков,
Ҳайкалини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Шароф Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидова очди.
Маросим давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради ва Шароф Рашидов ҳайкали пойига гуллар қўйилди.