ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ички ишлар вазирининг буйруғи билан автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишда, қайта рўйхатдан ўтказишда, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда, шунингдек имтиҳонларни олишда ундириладиган тўловлар ставкалари тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномани бериш учун энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида тўлов тўланади.
Автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақида вақтинчалик гувоҳномани бериш учун эса энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида тўлов тўлаш лозим.
Яроқсиз ҳолга келган, шикастланган ёки ўғирланган автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома дубликатини бериш учун энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.
Йўқотилган автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома дубликатини бериш учун энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Йўқотилган автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақида вақтинчалик гувоҳнома дубликатини бериш учун белгиланган тўлов ставкасининг 5 баравари миқдорида ундирилади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун тўлов энг кам иш ҳақининг 20 фоизидан 70 фоизига оширилди.
Йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига вақтинчалик рухсатнома бериш учун энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида тўлов тўланади.
Яроқсиз ҳолга келган, шикастланган ёки ўғирланган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига дубликатини, шу жумладан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва (ёки) унинг талони ўрнига янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.
Йўқотилган эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва (ёки) унинг талони ўрнига янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида тўлов ундирилади;
Йўқотилган янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига дубликат бериш учун энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида ундирилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 17 октябрдан бошлаб янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари бериш бошланди. Янги намунадаги гувоҳномалар махсус ҳимоя воситаларига эга бўлиб, махсус электрон белги (NFC)га ҳам эга. Янги гувоҳномалар барча халқаро меъёрларга жавоб беради ва улардан бошқа мамлакатларда фойдаланиш имконини беради.