ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Ички ишлар вазирлиги жисмоний шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини беришнинг янги тартибини эълон қилди.
Эълон қилинган ҳужжатга кўра, ҳайдовчилик гувоҳномаси берилаётган фуқаро ўқув муддати якунида: мотоцикл бошқариш учун — 16 ёшга, енгил ва юк автомобили бошқариш учун — 18 ёшга, автобус трамвай ва троллейбус бошқариш учун — 21 ёшга тўлган бўлиши керак.
Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномалари ва огоҳлантириш талонлари фуқаролар доимий ёки вақтинча турар жойидаги Ички ишлар органларининг Рўйхатдан ўтказиш-имтиҳон бўлимларида берилади (РИБ, туманларда — ТРИБ). Ҳарбий хизматчиларга — хизматни ўташ жойларида.
Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун керакли ҳужжатлар:
а) тегишли тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш учун дастурлар бўйича ўқишни тугатганлиги ҳақидаги гувоҳнома;
б) диплом ва ўқув дастуридаги фанларни ўтганлиги тўғрисидаги диплом варақасидан кўчирманинг нотариал идоралари томонидан тасдиқланган нусхалари;
в) 3 х 4 см (ҳайдовчиликка номзод фуқаро кийимида суратга туширилган бўлиши керак) бўлган 2 дона фотосурат;
г) соғлиги тўғрисида маълумотнома;
д) банк муассасаларига топшириш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун тўловлар тўланганлиги ҳақидаги тўлов қоғози (тўловлар миқдори Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади);
е) таълим муассасаси томонидан тўлдириб тасдиқланган ҳайдовчининг имтиҳон варақаси ва фуқаронинг паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат.
Гувоҳнома олиш учун амалга ошириладиган тўловлар
Назарий имтиҳон учун — энг кам иш ҳақининг 10 %;
Амалий имтиҳон учун — энг кам иш ҳақининг 10 %;
Назарий имтиҳонни қайта топшириш учун — энг кам иш ҳақининг 15 %;
Амалий имтиҳони қайта топшириш учун — энг кам иш ҳақининг 15 %;
Ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун — энг кам иш ҳақининг 20 %;
ҲГга огоҳлантириш талони бериш учун — энг кам иш ҳақининг 10 %;
Изоҳ: йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг огоҳлантириш талони ўрнига дубликат бериш учун белгиланган тўлов ставкасининг 5 баравари миқдорида ундирилади.
Гувоҳнома бериш муддати
Ариза билан мурожаат этган шахсларга шу куннинг ўзида, назарий ва амалий имтиҳонларни ижобий топширганидан сўнг ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони ёзиб берилади.
Рад этиш сабаблари:
- аризаси ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳолларда
- назарий имтиҳонни топшира олмаган шахслар амалий имтиҳонларга қўйилмайди
- ҳайдовчилик гувоҳномаси ваколатнома (ишончнома) билан берилмайди
Фуқароларга давлат хизматини кўрсатишнинг юқорида белгиланган тартиби бузилган ҳолларда, ИИВга ишонч телефонлари орқали оғизаки ёки ариза билан ёзма равишда шикоят қилиш мумкин.
Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сонли "Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғриси"да Қарори асосида ишлаб чиқилган.