ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. "Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қошғар" йўналиши бўйича транспорт қатнови йўлга қўйилди, деб хабар берди Ўзбекистон Ҳукумат портали.
Умумий узунлиги 900 километрдан зиёд масофани ташкил этадиган "Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қошғар" йўналишининг очилиши Ўзбекистондан Хитойгача бўлган юк ташиш харажатини сезиларли равишда камайтириш ва вақтни тежаш имконини беради.
"Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қошғар" қатновининг очилиши мамлакатларимиз учун улкан иқтисодий имкониятларни тақдим этиши билан муҳим аҳамиятга эга, — деди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе. — Янги автомобиль йўлаги минтақа давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, мамлакатларимиз ҳудудлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш, замонавий транспорт коммуникацияларини ўзаро интеграциялашда муҳим ўрин тутади.
Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Ўзбекистон азалдан давлатлараро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб келган. Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади бу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш тенденцияларини давом эттириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш, мамлакатлараро барқарор юксалишга кўмаклашишдан иборат.
Халқаро автокарвон доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой юк машиналари "Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қошғар" йўналиши бўйича илк бор йўлга чиқди.