ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Швеция пойтахти Стокгольмда атоқли давлат арбоби ва адиби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланади, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Швеция пойтахти аҳолиси ва меҳмонлари 17-20 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган Open Eurasian Literature Festival & Book Forum (OEBF) VI халқаро фестивал муносабати билан ана шундай имкониятга эга бўлишади.
Ташкилотчилар бўлмиш Eurasian Creative Guild (Лондон) ва Hertfordshire Press нашриёт уйининг билдиришича, тадбирни Шароф Рашидов таваллудига бағишлаш қарори атоқли ўзбек ёзувчиси ижодини бутун дунёда оммалаштириш мақсадида қабул қилинди.
Фестивал доирасида Hertfordshire Press нашриёти томонидан инглиз тилида янги таҳрирда чоп этилган Шароф Рашидов қаламига мансуб "Кашмир қўшиғи" қиссаси тақдим этилади. Ушбу китоб шу ойда Лондонда Евросиё ижодий гильдияси адабиёт кунлари доирасида кенг оммага тақдим этилганди. Шу билан бирга, Нью-Йорк, Вашингтон, Минск, Остона, Алмати, Бишкек ва ёзувчининг ватани Ўзбекистонда ҳам китоб тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган.
OEBF фестивали Евросиё маконида узоқ йиллардан буён ўтказиб келинадиган йиллик маданий тадбирдир. Тадбир ўтказиладиган тўрт кун давомида кўргазмалар, семинар ва илмий анжуманлар, китоб ярмаркалари ва тақдимотлари, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар ўтказилади.
Таниқли адиб, атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов 1917 йилнинг 6 ноябрида Жиззах шаҳрида, деҳқон оиласида таваллуд топган.
1941 йилда Самарқанд Давлат университетини тугатиб муаллим ва мухбир сифатида фаолиятини бошлаган. 1941-1942 йилларда урушда қатнашади. 1950-1959 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши раёсатининг раиси, 1959-1983 йилларда Ўзбекистон Компартияси марказқўмининг биринчи котиби бўлиб ишлаган. Шароф Рашидов ёзувчи сифатида ҳам машҳурликка эришган. Унинг асарлари асосида фильмлар суратган олинган, шеърларига куйлар басталанган. Рашидовга айниқса "Кашмир қўшиғи" қиссаси машҳурлик олиб келган.