Турк гамбити: Мирзиёев ва Эрдўғон нималарни муҳокама қилишади

Oбуна бўлиш
Кейинги вақтда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланаётгани ҳамда Мирзиёев ва Эрдўған Анқарадаги музокараларда нималарни муҳокама қилишлари мумкинлиги Sputnik мухбири нигоҳида

ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эртага Туркия Республикасига давлат ташрифи билан боради.

Ўзбекистон ва Туркия 2 млрд $лик лойиҳалар амалга оширади

Шубҳасиз, ушбу ташриф ҳамда ташриф доирасида эришилган келишувлар икки давлат иқтисодиётининг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади. Аммо бу янгилик эмас, вақт давомида тасдиқдан ўтган жараёндир. Энг асосийси, анча давр давом этган совуқчиликдан сўнг сиёсий соҳада давлатлар мавқеи қай даражада яқинлашади. Мирзиёев ва Эрдўғон Анқарада бўлиб ўтадиган музокараларда нималарни муҳокама қилишади.

Мураккаб ўтмиш

Марказий Осиё республикалари мустақиллик эълон қилган онлардан бошлаб Туркия ҳукумати ушбу минтақага ўз таъсир доирасининг салоҳиятли соҳаларидан бири сифатида қарай бошлади. Шу боис ҳам айнан биринчилардан бўлиб Туркия нафақат минтақа давлатларини тан олгани, балки ўхшаш менталитет ва маданий анъаналарга эга бўлган турк давлатларини бирлаштириш байроғи остида улар билан фаол муносабатлар ўрнатишга киришгани бежиз эмас.

Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларида ушбу жараёнга фаол қўшилди, мамлакатда қисқа вақт ичида юзлаб турк корхоналари иш бошлади, айниқса кўплаб соҳаларда маҳаллий бозорнинг унчалик ривожланмагани сабабли турклар деярли “бутун майдон”ни эгаллашди. Масалан, текстил саноати, тезкор овқатланиш соҳаси, кимё саноатида шундай ҳол кузатилди.

Туркия фуқаролари учун кириш визаси олиш осонлаштирилди

Бунга параллел равишда 1994 йилда Ўзбекистонда офиси очилган Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (TIKA) саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати ўз келажаги бўлган ёшларни туркларга ишониб топширган ҳолда таълим тизимида чексиз шароитлар яратиб берди.

Бутун мамлакат бўйлаб таълим даражаси давлат таълим муассасаларидан анча фарқ қилиши билан ном қозонган турк лицейлари очила бошлади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, мустақилликнинг дастлабки беш йили давомида Ўзбекистонда 60-70та турк лицейи очилган. Бу лицейларда ўқиш урфга айланди, бўлажак давлат бошқарувчилари, жамият оқсуяклари таълимнинг биринчи босқичини албатта мана шу ерда олишлари керак деб ҳисобланарди.

Бироқ вақт ўтгач, ташкил этилган таълим муассасалари орқали айрим турк зодагон вакиллари ўз мафкураларини илгари сураётганликлари маълум бўлди. Ўшанда кўплаб маҳаллий экспертлар турк мафкурачилари мамлакат ичида Ўзбекистонни Туркия сиёсатига етаклайдиган бешинчи колонна тайёрлашаётгани ҳақида гапиришганди.

1999 йилда Тошкентда қатор портлашлар юз бериши Ўзбекистонни ҳушёр торттирди. Портлашлардан бири Ислом Каримов ҳукумат йиғилишида иштирок этиши лозим бўлган Вазирлар Маҳкамасини вайрон қилиши лозим эди. Ўзбекистон ҳукумати ўшанда содир этилган террорчилик ҳаракатларида гумон қилинган мухолифатнинг қатор етакчиларини топширишни сўраб Туркия томонига мурожаат қилди. Бироқ Анқара бу сўровни рад этиш билан кўплаб ҳамкорликдаги лойиҳаларга нуқта қўйди.

Шуни тушуниш лозимки, ўшанда давлат раҳбарига суиқасд уюштирилган ва давлат тўнтаришига уриниш юз берганди, турк ҳукумати эса бунинг айбдорларини ўз қаноти остига олиб уларни топширишдан бош тортди. Шу боис 1999 йил охиригача Туркия ҳомийлигидаги деярли барча ўқув муассасалари ёпилди.

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёев 25-27 октябрда Туркияга боради

Қизиғи, Туркияни ўзбек мухолифати вакиллари, хусусан, ёзувчи Муҳаммад Солиҳ яшаш жойи сифатида танлагани учун бу мамлакат Ўзбекистон ҳукуматига илгари ҳам ўзига хос бошоғриқ бўлганди. Яқинда аэропортда қўлга олинган ва кейин қўйиб юборилган ёзувчи Нурулло Отахонов ҳам юртига айнан Истанбулдан учиб келгани тасодиф эмас.

Туташув нуқталари

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, глобал ҳамда минтақавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилиниши, халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилинишини билдирди.

"Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар учун қулай шароитлар яратиш, сайёҳлар алмашинуви ва маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган", — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Келинг, ушбу сўзлар нималарни англатишини батафсил кўриб чиқамиз. Туркия ва Ўзбекистон учун қатор зиддиятлар пайдо бўлган иқтисодий ҳамкорлик масалалари биринчи ўринда туради. Туркия Ўзбекистоннинг анънавий ва муҳим савдо ҳамкори ҳисобланади. 2000-2016 йилларда ўзаро товар айланмаси ҳажми деярли етти бараварга ўсди ва 2016 йил якунларига кўра 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Шу боис бу ерда сиёсат иккинчи даражага тушади ва ҳар икки томон кескин саволларни кейинроққа қолдиради.

Проект делового центра Tashkent City - Sputnik Ўзбекистон
"Tashkent City" турк архитекторлари режаси асосида қурилади

Ўзбекистонда улкан таъсирга эга бўлган турк бизнеси 2011 йилда қатор муаммоларга дуч келди. Бу бир тарафдан, ўзбек мухолифатчиларини очиқчасига қўллаб-қувватлаган турк ҳукумати сиёсати сабабли мамлакатлар ўртасидаги умумий совуқчиликка боғлиқ эди. Иккинчи тарафдан эса, ўзбек иқтисодиётининг қатор соҳаларида устун мавқеларни эгаллаган турк бизнеси вакиллари айрим амалдорлар ҳимояси остида бўлганди.

Орага совуқчилик тушганидан сўнг Ўзбекистондаги турк компанияларининг ишлари қонунийлигини текширишга буйруқ берилди. Натижада солиқ ва божхона қонунчилигига хилоф миллионлаб долларлик қонун бузилишлари аниқланди. Шундан сўнг турли қонун бузилишларида айбланган ўнлаб турк компаниялари мамлакатни тарк этди.

Ўзбекистоннинг янги президенти турк бизнеси билан ҳамкорлик қандай самара келтиришини жуда яхши англаган ҳолда мазкур вазиятни ўнглашга ҳаракат қилмоқда. Шу кунларда туркиялик тадбиркор ва туристларнинг республикага кириш визаси олиш тартибини енгиллаштирувчи ҳужжат имзоланди.

Икки мамлакат авиакомпаниялари ўзаро парвозлар мунтазамлиги ва географиясини тобора кенгайтирган ҳолда фаол ҳамкорлик қилишмоқда. Масалан, 30 октябрдан бошлаб Истанбул ва Самарқанд ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Шу йилнинг феврал ойида Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Туркияга ташрифи чоғида 1 миллиард долларлик, май ойида Тошкентда бўлиб ўтган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияларининг IV йиғилишида эса 2 миллиард долларликдан ортиқроқ шартномалар имзоланди.  Қизиғи, мазкур комиссияларнинг охирги йиғилиши узоқ 2008 йилда бўлиб ўтганди.

Визит представителей ведущих СМИ Турции в Узбекистан - Sputnik Ўзбекистон
Туркиялик журналистлар Ўзбекистонга ташриф буюришди

Айни пайтда ўзбек бозорига кириб келаётган турк инвесторлари ва компаниялари сони ўса бошлади. Хусусан, Demir Group ташландиқ ҳолга келган "Чорсу"меҳмонхонаси ўрнида замонавий кўнгилочар маскан барпо этмоқчи, шунингдек, пойтахтда савдо марказлари ва ресторанлар қурмоқчи. Туркиялик қатор инвесторлар республикада электротехника, озиқ-овқат, текстил, чарм-пойабзал ва фармацевтика, қурилиш материаллари соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этишга тайёргарлик кўрмоқда.

Ҳозирда мамлакатда 500га яқин турк фирма ва компаниялари фаолият кўрсатмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида турк капитали иштирокида 20дан ортиқ корхона ташкил этилди. Томонлар ўзаро товар алмашиш ҳажмини камида 2-3 бараварга оширишни режалаштирмоқда.

Кўплаб ўзбекистонликлар Россия ва Қозоғистондан ташқари Туркияга ишлаш учун боришлари сир эмас. Ўзбек махсус хизматлари кўплаб ўзбекистонликлар Туркияда экстремистик мафкура таъсирига тушиб қолишгани ва “Ислом давлати” ҳамда бошқа террорчи гуруҳлар сафида жанг қилиш учун отланишгани ҳақида бир неча бор хабар қилган. Шунинг учун Туркияда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтириш масаласи билан бирга бу мавзу ҳам муҳокама қилиниши шубҳасиз.

Ўзбек чегарачиси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистондаги ҳарбий хизматчилар Туркия ҳарбий-ўқув юртларида ўқишади

Шу билан бирга, мамлакатда ўзбек мухолифати вакилларининг қўним топганлиги масаласи ҳам муҳокама қилинса керак. Мирзиёев ҳукумат тепасига келганидан сўнг Тошкентнинг бу йўналишдаги сиёсати юқори даражада либераллашди, қамоқхоналардан қатор ҳуқуқ ҳимоячилари озод қилинди, ҳукумат барча қизиққан томонларни мулоқотга таклиф этмоқда. АҚШда бўлгани каби бу ерда ҳам маҳаллий ўзбек диаспораси вакиллари билан учрашув ташкил этилиши ҳам истисно этилмаяпти.

Давлат раҳбарлари илк марта кўзда тутилаётган ҳарбий-техника соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишлари мумкин. Феврал ойида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегацияси Туркиядаги қатор мудофаа мажмуаси ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюрган, июлда эса Мирзиёев Туркия Республикаси миллий мудофаа вазирини қабул қилганди. Шундан кейин ўзбек томони Туркиядан зирҳли техника сотиб олиши ва ҳамкорликда ҳарбий техника ишлаб чиқаришни ташкил этиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ҳам унутмаслик лозим. Ҳар икки давлат мавжуд ва яратилаётган глобал транспорт-логистика йўналишларида жойлашган ва ушбу соҳада ҳамкорлик қилишга тайёр бўлсалар керак.

Янгиликлар лентаси
0