ТОШКЕНТ, 21 окт – Sputnik. "Tashkent City" халқаро бизнес маркази лойиҳаси концепциясини тайёрлаш доирасида Туркия, Сингапур ва маҳаллий архитектура компаниялари вакиллари таклиф этилди. Бу ҳақда бизнес марказнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, "Tashkent City" лойиҳаси бўйича 8та бош режа тайёрланган ва республика раҳбариятига кўриб чиқиш учун тақдим этилган. Якунда Туркиянинг Tabanlıoğlu Architects компанияси томонидан тайёрланган бош режа тасдиқланган.
Tabanlıoğlu Architects компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда лойиҳа тафсилотлари муҳокама қилинди ҳамда қилинадиган ишларнинг навбатдаги босқичи аниқлаб олинди.
Эслатиб ўтамиз, "Tashkent City" халқаро бизнес маркази Ислом Каримов, Алишер Навоий шоҳкўчалари, Фурқат ва Олмазор кўчалари орасида 80 гектар майдонда жойлашади.
Халқаро бизнес маркази сейсмик хусусиятлар, шаҳарнинг архитектура қиёфаси, Марказий Осиё шаҳарсозлик анъаналаридан келиб чиққан ҳолда табиат билан ҳамоҳангликда барпо этилади.
Бизнес офис, меҳмонхона ва апартаментлар учун мўлжалланган, замонавий технологиялар бўйича бунёд этиладиган биноларнинг баландлиги 40 қаватдан ошмайди, тураржойларнинг баландлиги эса 12 қаватгача бўлади.