Яланғоч, Чопонтиққан ва Куйганёр: Ўзбекистонда учрайдиган ғалати номли жойлар

Oбуна бўлиш
Спутник нашрига Тошкент шаҳри Шайҳонтоҳур туманида яшовчи фуқароларидан бири шундай савол йўллаган: "Тошкент шаҳрида Яланғоч деб номланадиган яшаш жойи бор. У ер нима учун шундай номланган?". Саволга жавоб олиш мақсадида соҳа мутахассиси билан учрашув ўтказилди

ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистондаги барча ҳудудлар: шаҳар ва қишлоқлар номлари ўзига хос, қадимги анъаналарга эга. Ҳар бир ном халқ томонидан ўйлаб топилган, деди эксперт Спутник мухбири билан бўлган суҳбат давомида.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, топонимикада ўлка табиатининг кўпгина хусусиятлари, аҳолининг хўжалик фаолияти ва этнографияси, асрлар давомида мамлакатда рўй берган тарихий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар акс этган бўлади. Шу боис, топонимик номларни тушуниб-тушунмай, улардан уялиш ёхуд уларни алмаштириш ярамайди.

"Яланғоч — чиройли ер демакдир"

Заседание Сената республики Узбекистан - Sputnik Ўзбекистон
Сенаторлар Тўйтепа шаҳрига янги ном беришди
Исм-шарифи сир қолишини сўраган профессорнинг сўзларига кўра, Ўрта асрларда ижод қилган Махмуд Қошғарий жой номлари луғати дея ном қозонган "Девону луғатит турк" асарида "Яланғоч" — теп-текис, яланглик, яъни очиқ жой деган маънони беришини қайд этган.

"Ҳар бир жой номи — бу тарихий ном. Мисол учун туркий халқларда яланғоч — кенглик, очиқ жой деган маънода қўлланилган. Чиройли жойларни яланғоч дейишади. Бу эски соф ўзбек тилидаги ном ҳисобланади", — деб таъкидлади суҳбатдош.

Ислом Каримов ҳам бу ишнинг масъулиятли эканлигига урғу берган

Душанбе - Sputnik Ўзбекистон
Тожикистон амалдорлари бўш вақтларида туманлар номларини ўзгартириш билан шуғулланишади
Географик объектларни номлаш масаласига шахсан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов катта эътибор билан қараган. Каримов қатор вилоятларда, Ўзбекистон Олий Мажлиси Кенгашларида сўзлаган нутқларида жой номларига муносабат, жойларни номлаш ва ўзгартириш ўта маъсулиятли иш эканлигини, бунда миллий маънавият, миллий қадрият анъаналарига Мустақиллик йўлидаги идеалларга амал қилиш лозимлигини таъкидлаган.

Номлар жой хосиятига қараб берилган

Ўзбекистон топонимикасида ёзилишича, дарё, кўл ва қудуқлар катта кичиклигига, сувнинг ранги, шўрлиги, тозалиги, чуқурлигига қараб турлича номланган. Сув тиниқ ва тоза бўлса Ойнакўл, Ойнабулоқ, чуқур ва тоза бўлса Кўксув, ғордан бошланган сувлар бўлса Оқсув, лойқароғи — Айрон кўл, Сарисув деб аталади. Масалан: Қорасув — "булоқ суви" — текис ерда секин оқади, дайди сув Фарғонада Тентаксой дейилган. Сурхондарёда Жинни дарё хам бор, у баҳорда бурқираб оқиб, тошиб кетади, қирғоқларини ўпиради, емиради, ёзда эса суви қуриб қолади.

Қишда музламайдиган сув объектлари ҳам бор. Буларга иссик ном берилган. Масалан: Иссиқкўл.

Ёнидан табассумсиз ўтилмайдиган жой номлари

Дунё харитасида ҳазилнома, кулгули ёки ваҳимали номлар хам учрайди. Масалан Англияда — "Раҳминг келсин", "Сўқир куёвлар", "Қурбақалар", "Кўринмай қолди", "Пиянистанинг тавбаси" номли шахарлар, Америкада "Ажал водийси", Эронда "Дашти ноумид" каби номлар бор.

Женщина выбирает газету - Sputnik Ўзбекистон
"Тўлка"ли ёшлар, думли ҳарфлар, "Ширчой"да сутчой ичаётганлар ҳақида тўрт оғиз гап
Россиянинг Перьм ўлкасида Тупица ва Сучкино қишлоқлари бор. Иркутск вилоятида эса Зады ҳамда Лохово қишлоқлари ўз номи туфайли машҳур.

Кулгили ёхуд антиқа номлар Ўзбекистонда хам топилади. Борсакелмас, Лаббай тоғи (Наманганда), Чарчаманг (Шаҳрисабзда) Чўнтак қишлоқ (Андижон) Бўғозтерак, Куйганёр, Қолган сир, Йўлдошнинг оти йиқилган, Моховтовуқ, Оғзикенг, Чопон тиққан, Гадойтопмас ва бошқалар. Қоракапоғистонда: Ешкиулгеч, (Эчки ўлган), Ашаул (Оч қишлоқ), Узуаул (Хўкиз қишлоқ) ва бошқалар.

Бундай номлар эшитилишидан ғаройиб бўлиб туюлсада, хар бирининг ўз тарихи, ўз тафсилоти бор, албатта.

Қорахитойлар ҳақида ҳам бир оғиз…

Профессор қадимий жой номларига тегмаслик керак, деган фикрни илгари сурди ва яқин ўтмишда рўй берган бир воқеани ёдга олди.

"Туркий тилли халқларда "қора" сўзи маъноси жуда кенг. Яъни у фақат ранг, ёмонлик маъносида ишлатилмайди. Масалан, Қорахон деймиз. Бу — буюк хон дегани. Император сўзига тўғри келади. Юнусобод томонда Қорахитой деган кўча бор эди. Ўша номдан "қора"ни олиб ташлаб, "хитой"нинг ўзини қолдиришибди. Қорахитой — бу қоп-қора хитой дегани эмас ахир, қорахитой деган уруғ бўлган, руслар уларни қора киданлар деб айтишган. Бу кўча ўша уруғ номига қўйилган бўлган.

Шу боис, тушуниб-тушунмай номларнинг ўзгартирилиши — нотўғри иш, бундай қилмаслик керак. Яшаш жой номи маъносини ҳозирги авлод билмаслиги, бу ўтмиш айби эмас. Бу ёшлар изланмаслиги туфайлидир", — дея суҳбатга якун ясади профессор.

Янгиликлар лентаси
0