ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Ўзбекистонда келгуси 5 йил ичида асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2017 йилдаги 15,4 минг тоннадан 2021 йилга бориб 23,7 минг тоннагача етказиш назарда тутилган. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилди.
Жорий йил 16 октябр куни президент асал етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтиришга йўналтирилган 2017-2021 йилларда асаларичилик тармоғини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда асаларичилик соҳасида 12 мингдан ортиқ тадбиркор фаолият кўрсатмоқда. Аҳолининг асал маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2016 йилда 12 минг тонна асал етиштирилди. Бу 2015 йилга нисбатан 1,2 марта кўпдир.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, асал етиштириш тармоғида қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, асалари оилаларининг маҳсулдорлиги 20 килограммдан ошмайди, бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан ҳам пастдир. Асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, асал етиштиришнинг замонавий технологияларини кенг жорий этиш ва юқори технологик усулларидан фойдаланиш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти.
Вазиятни ўзгартириш мақсадида "Ўзбекистон асаларичилари" уюшмасини ташкил этилди. Уюшма асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, асалари пакетлари етиштириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, асал етиштириш жараёнига илмий асосланган усуллар ва замонавий технологияларни жорий этиш вазифалари билан шуғулланади.
Уюшма тизимига жойларда асаларичилик тармоғи ташкилотлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича 13 та доимий вакил киритилди. "Ўзбекистон асаларичилари" уюшмасининг "Апимондия" халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиши назарда тутилган.
Кадрлар масаласи ҳам четда қолмади. Асаларичилик соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш мақсадида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Фарғона давлат университетида зоотехника факультетини ташкил этиш бўйича таклифлар киритиш топширилган.
Асаларичилик хўжаликлари томонидан асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерларидан, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан, тоғ ва тоғолди ҳудудларидан, табиий пичанзор ва яйловлардан ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш бепул амалга оширилади.
Тасдиқланган рўйхат бўйича "Ўзбекистон асаларичилари" уюшмасига аъзо ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли материаллар, асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, асалари уяларини ташувчи махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мумпарда ва мум маҳсулотларини 2023 йил 1 январигача божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этиш бўйича имтиёз берилди.