ТОШКЕНТ, 17 окт – Sputnik. Тошкент вилоятининг учта шаҳрида ўтказилган хатловлардан сўнг ўнлаб бўш турган объектлар мавжудлиги аниқланди. Улар негизида янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Давлат рақобат қўмитаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Чиноз тумани ҳудудида аввал хусусийлаштирилган ҳамда бугунги кунда бўш турган 41 та объект аниқланган. Мазкур объектларнинг жами қурилиш майдони 52,3 минг кв.метрни, эгаллаган ер майдонлари 48,2 гектарни ташкил этади. Ушбу объектлар қаторига собиқ "Керамзит шағал корхонаси","Мебел фабрикаси" ва "Чиноз бош пиллахонаси" каби йирик ишлаб чиқариш мажмуалари ҳам киритилган.
Ҳозирда Чиноз туманидаги бўш объектлардан 30 таси негизида мулкдорлар томонидан янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш таклифи берилган.
Янгийўл ва Чирчиқ туманларида ҳам хатловлар ўтказилган. Янгийўл тумани ҳудудида аввал хусусийлаштирилган ҳамда бугунги кунда бўш турган 23 та объект аниқланланган бўлиб, бу объектларнинг жами қурилиш майдони 50 минг кв.метрни, эгаллаган ер майдонлари 20,6 гектарни ташкил этади.
Чирчиқ шаҳри ҳудудида эса 70 та ана шундай объект мавжуд бўлиб, мазкур объектларнинг жами қурилиш майдони 235 минг кв.метрни, эгаллаган ер майдонлари 50 гектарни ташкил этади.
Янгийўлдаги 23 та ва Чирчиқ шаҳридаги 34 та бўш объектлар негизида мулкдорлар томонидан янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш таклифи берилган.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 23 февралдаги қарорига мувофиқ, қурилиши тугалланмаган объектлар ва бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишни таъминламаган мулкдорларга нисбатан солиқ идоралари томонидан таъсирчан солиқ механизмларини қўллаш белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 23 февралда қабул қилинган қарорига мувофиқ, жойларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бошчилигида Идоралараро комиссиялар тузилган. Ушбу комиссияларга аввал хусусийлаштирилган корхона ва объектларнинг қайтадан тўла қувватда ва самарали ишлашини таъминлаш вазифаси юклатилиб, тадбиркорларнинг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишида амалий ёрдам бериш бўйича кўплаб ваколатлар берилган.
Давлат рақобат қўмитаси инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истагида бўлган аввал хусусийлаштирилган объектларнинг мулкдорлари дуч келган тўсиқ ёки муаммолар юзасидан (8-371) 259-20-23, 259-20-53, 259-21-14 телефон рақамларига мурожаат қилиши мумкинлигини билдирмоқда.