ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қурилиши тугалланмаган объектлар ва бўш турган ишлаб чиқариш майдонларини ўз назоратига олмоқда, деб хабар берди Podrobno.uz Давлат рақобат қўмитаси матбуот хизматига асосланиб.
Давлат раҳбари "Ишлаб чиқариш объектларидан тадбиркорлар фойдаланишини янада рағбатлантириш тўғрисида" қарор қабул қилди. Ҳужжат қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали ва оқилона фойдаланиш учун ижобий муҳит яратиш, зарур сармоялар киритиш, замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этишга йўналтирилган.
Таъкидлаш жоизки, тижорат банклари қарорни ижро этиш доирасида юридик ҳамда жисмоний шахслар, шунингдек қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмайдиган саноат майдонлари асосида инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи ижарачиларга имтиёзли кредитлар тақдим этади.
Кредитлар 12 ойлик имтиёзли давр билан 5 йилга қадар бўлган муддатга берилади ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасидан ошмайди.
Ҳужжатда инвентаризациядан ўтказиш ҳамда қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш бўйича ҳудудий Идоралараро комиссиялар ташкил этиш назарда тутилган. Давлат рақобат қўмитасининг тегишли ҳудудий бошқармалари уларнинг ишчи органлари сифатида белгиланди.
Идоралараро комиссиялар тегишли ҳудудлардаги қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш, уларнинг эгалари билан ишлаб чиқариш ёки хизматлар соҳаси объектларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек янги иш ўринларини ташкил этиш билан шуғулланади.
Бундан ташқари, юқорида келтирилган чораларни амалга ошириш бўйича "йўл хариталари"ни ҳамда илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хўжалик фаолиятига жалб этишни тезлаштириш механизми Схемасини ҳам тасдиқлаш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларда беш йўналиш бўйича ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнини кенгайтириш ҳамда соддалаштириш, шунингдек, хусусийлаштирилган давлат мулки объектларида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун ижобий муҳитни яратиш назарда тутилган.
Аввалроқ Стратегиянинг устувор йўналишларини самарали амалга оширишни таъминлаш мақсадида кичик бизнесни ривожлантириш Кафолат жамғармаси ташкил этилди ҳамда давлат мулки объектларидан тадбиркорлик мақсадида фойдаланишни амалга ошириш жараёни соддалаштирилди. Бу қарор Стратегияда белгиланган чораларни амалга оширишда навбатдаги қадам бўлди.