ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида Самарқанд шаҳридаги "Алпомиш" масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди. Ушбу масъулияти чекланган жамиятнинг бўш ётган биноларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали хабар бермоқда.
Президент вилоятларга ташрифи чоғида йирик объектларнинг хусусийлаштирилгандан кейинги аҳволи билан қизиқмоқда. Бундай объектлар самарали ишлаб кетиши учун уларни қўллаб-қувватлаш, кичик саноат зоналарини ташкил этиш ва ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тавсиялар бермоқда.
Давлат раҳбари маблағи, технологияси ва тажрибаси етарли бўлмаган тадбиркорларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида тизим ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлади.
Президентнинг шу йил 12 январдаги "Ургут", "Ғиждувон", "Қўқон" ва "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони соҳа учун кенг имкониятлар яратмоқда. Қарорга мувофиқ Ургут туманида эркин иқтисодий зонанинг "Ургут-1", Нуробод туманида "Ургут-2" ва Пастдарғом туманида "Ургут-3" ҳудудлари ташкил этилди. Ушбу ҳудудлар учун жами 816 гектар ер ажратилиб, уларни зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган.
Бугунги кунда енгил саноат, маиший техника, тиббиёт жиҳозлари, фармацевтика, чарм-пойабзал, канцелярия моллари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2017-2018 йилларга мўлжалланган 83 лойиҳа тайёрланган, уларнинг 20 таси жорий йилда ишга туширилади.
Умумий қиймати 250 миллион долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳалар тижорат банклари кредити ва таъсисчиларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Натижада 5,5 минг янги иш ўрни ташкил этилади.