ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. Мьянмадаги рохинья халқларига ҳужум ўта пухта ташкиллаштирилган — ушбу ҳаракатлар одамларни мамлакатга қайтиб келмайдиган қилиб чиқариб юборишга қаратилган, дейилади инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари идорасининг бир гуруҳ экспертлари томонидан чоршанба куни эълон қилинган баёнотда.
Ҳужжатга кўра, шимолий Ракхайн штатида рохиньяларга қарашли хусусий мулклар, уйлар ва қишлоқларнинг йўқ қилиниши усуллари — бу тадбир пухта ташкиллаштирилганидан далолат беради. Экспертлар, қочқинлар орасида ўтказилган сўровдан сўнг, полиция участкалари ва штатдаги ҳарбийлар штаб-квартираларига Рохинья мусулмонлари томонидан қисқа вақтлик ҳужум уюштирилишига жавобан бутун бошли қишлоқ йўқ қилиниши мумкинмас, деган хулосага келишган.
Экспертларга кўра, Мьянма қуролланган кучлари рохинья халқи вакилларини, токи уларда қайтиб келиш истаги қайтиб туғилмаслиги учун, атайдан қўрқитишган.
Чоп этилган маълумотга кўра, Мьянма ҳарбийлари Шимолий Ракхайнда истиқомат қилувчи қуролланган буддистлар билан келишган ҳолда ҳаракат қилишган.
Операция вақтида нафақат турар жойлар, балки экинлар, омборхоналар ва ҳатто дарахтларга ҳам ўт қўйилган. Буларнинг барчаси рохиньялар ҳеч қачон қайта олмасликлари учун қилинган.
Сўровда қатнашган қочқинларнинг аксарияти, ҳарбийлар овоз карнайлари орқали рохиньяларни Мьянмани тарк этишга чақирганликларини айтишган. Гувоҳлар, дейилади баёнотда, жинсий зўравонликлар, куч ишлатишлар, оммавий қирғин-барот, шу жумладан, портлашлар, ёнғинлар ва дайди ўқлар туфайли ҳалок бўлган инсонлар ҳақида гапиришган. Қайд этилишича, Мьянма ҳарбийлари рохинья мусулмонлари имомлари ва ўқитувчиларига қасддан ҳужумлар уюштирганлар.
Миграция бўйича Халқаро ташкилот маълумотига кўра, 25 августда бошланган операциядан буён Мьянмадан Бангладешга 519 минг нафар рохинья мусулмонлари келишган. Уларнинг ҳаммаси қочқинлар учун ташкил этилган иккита лагерларга жойлаштирилган. Лагерлардан бири Кокс-Бозорда ташкил этилган. Бангладешдаги рохинья қочқинлари сони айни вақтда 731 минг нафарни ташкил этади.