ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. Татаристон раҳбари Рустам Минниханов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни ўта серғайрат ва тажрибали деб атади. У Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича журналистлар билан мулоқотда шундай деди.
"Ўзбекистонда ўз ўтмиши, маданиятини сақлаб қолиш учун кўплаб ишлар қилинган, жуда юқори даража ва тартиб мавжуд. Ҳаёт сифатини ошириш учун кўп ишлар қилинмоқда. Президент жуда серғайрат, жуда тажрибали, ёқимли шахс, Россия билан дўстликни мақсад қилган", – деди Минниханов ўзининг яқинда Тошкентга амалга оширган ташрифи ҳақида гапираркан.
Татаристон президентининг сўзларига кўра, томонлар янада чуқур ҳамкорлик ўрнатиши лозим ва бунинг учун барча имкониятлар етарли, деб ёзади "Подробно.уз".
"Мен Ўзбекистон президентининг шижоати, самимияти учун алоҳида миннатдорлик билдираман. У биздан кўра шижоатлироқ экан. Биз у қўяётган меъёрларга мос бўлишимиз керак. Ташрифларимиз самарали бўлишини истардим. Энди аниқ лойиҳаларга ўтишимиз керак. Йўналишлар жудаям кўп. 15-20 кун ичида амалга оширадиган лойиҳаларимизни аниқлаштириб олишимиз лозим", – деди Минниханов.
Шу йилнинг 24-25 сентябр кунлари Татаристон президенти Рустам Минниханов расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлганди. У ташрифи давомида Ўзбекистон ва Татаристон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги бизнес форумда қатнашди, президент Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат аъзолари билан учрашди.
10 октябр куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов бошчилигидаги делегация Татаристонга ташриф буюрди.