ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Бугун Татаристон президенти Рустам Миннихонов Самарқанд шаҳрига келди, деб хабар қилинмоқда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида.
Самарқанд халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев кутиб олди.
Рустам Миннихонов эртага Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилади. Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида меҳмон Тошкентга келади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида республикада истиқомат қилаётган татар миллатига мансуб юртдошлар билан учрашади, Татаристон санъат усталари иштирокидаги концерт дастурини томоша қилади.
Ташрифнинг асосий воқеалари 25 сентябрга мўлжалланган. Р.Миннихонов буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўяди.
Шу куни Р.Миннихонов Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида ташкил этиладиган Ўзбекистон — Татаристон ишбилармон доиралари вакиллари қўшма бизнес-форумида қатнашади.
Татаристон gрезиденти мамлакатнинг турли вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказади, пойтахтнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилади.