ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Америкалик республикачи-сенатор, Халқаро ишлар бўйича қўмита раҳбари Боб Коркер New York Times нашрига берган интервьюсида АҚШ президенти Дональд Трамп, бошқа давлатларга таҳдид қила туриб, мамлакатни "учинчи жаҳон уруши йўлига" чиқариши мумкинлигини айтди.
Сенаторга кўра, Трамп Twitterдаги ёзувлари орқали ҳам АҚШнинг дипломатик уринишларига кўплаб маротаба зиён етказган. "Бир неча ҳолатларда у ўзининг твитлари билан бўлиб ўтаётган музокараларга зарар етказган", — деб айтган сенатор аниқ мисолларни келтирмаган ҳолда.
Илгарироқ Боб Коркер 2018 йилда бўлиб ўтадиган сайловларда учинчи бор олти йиллик муддатга сайланмаслигини маълум қилган эди. Доналд Трамп Коркернинг ушбу қароридан сўнг Twitterда сайловларда иштирок этиш учун сенаторнинг "ичаги ингичкалик" қилишини ёзди. Оқ уй раҳбари шунингдек, Давлат котиби лавозимини сўраган Коркерга рад жавобини берганлигини ва уни Эрон билан ядро келишувида айблаганини қўшимча қилган.
Трампнинг ушбу хабарларига жавоб тарзида Коркер ўз Twitterида Оқ уй "катталар учун болалар боғчаси"га айланганини маълум қилган.
Сўнги вақтларда АҚШ ва Шимолий Корея ўртасида кескин баёнотлар "алмашуви" рўй бермоқда. Қўшма Штатлар президенти БМТ минбаридан туриб "агар КХДР АҚШга таҳдид қиладиган бўлса, уни тўлиқ йўқ қилишини" айтиб таҳдид қилди. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бунга жавобан тарихдаги энг кескин жавоб чораларини қўллашга ваъда берди.