ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. БМТ Бош ассамблеяси сессиясида қатнашиш учун Нью-Йоркда бўлиб турган КХДР Ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо журналистларга АҚШ президенти Дональд Трампнинг нутқига жавобан қайтариладиган жавоб чоралари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот бериб ўтган.
"Мен чоралар қандай бўлиши мумкинлигини билмайман, бу давлат кенгашимиз раиси (Ким Чен Ин демоқчи, таҳр.) нинг иши, шу боис аниқ бир нарса деёлмайман. Балки бу Тинч океанида мисли кўрилмаган водород бомбаси синови бўлар", — деб айтган Ли Ён Хо.
КХДР етакчисининг ўзи эса Трамп нутқини "телбанамо", унинг ўзини эса "олов билан ўйнашаётган хулиган ва гангстер", деб атаган.
Ҳамда Америка президентининг чиқишига жавобан ўта кескин чоралар кўришни режалаштираётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп БМТда сўзлаган нутқи давомида агар КХДР АҚШга таҳдид солгудек бўлса, уни йўқ қилишга ваъда берганди.