ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳамда Россия Федерацияси Марказий ҳарбий округининг тоғ-ўқчи бўлинмалари ҳамкорлигидаги махсус тактик ўқув машқлари якунланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, машғулотларнинг сўнгги кунида икки давлат ҳарбий хизматчилари ўтиш мураккаб бўлган тоғли ҳудудларда ноқонуний қуролланган кучларни йўқ қилиш бўйича аксилтеррор операциясини амалга оширишди.
Бугунги замон жангининг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ва реал ҳарбий ҳаракатларга максимал даражада яқинлаштирилган машқларда бирлашган қўмондонлик томонидан қўйилган ўқув жанговар топшириқларини Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳарбий Ҳаво кучлари ва артиллерия бўлинмалари, Ўзбекистон ва Россия ҳарбий округларининг тоғ-ўқчи бўлинмалари бажарди.
Олинган разведка маълумотларига кўра режалаштирилган ҳаракатлар давомида шартли душманнинг моддий таъминот базалари, техника воситалари ва бошқа кучлари батамом яксон қилиниб, гаровга олинганлар озод қилинди.
— Машқларда кўзланган мақсадларга эришилди, — дейди майор Азамат Жабборов. — Бўлинмалар ҳаракатлари жараёнида энг самарали усулларни қўллашга, ўқув жанговар вазифаларни кам вақт ва куч сарфлаб бажаришга ҳаракат қилдик. Сафдошларим ва қўл остимдаги ҳарбий хизматчиларнинг шу давргача бўлган машғулотларда мураккаб рельеф ва ноқулай иқлим шароитларида жанговар ҳаракатларни олиб бориш кўникмасининг ошириб борилгани бизга жуда қўл келди.
Тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм, экстремизм каби глобал таҳдидларга қарши курашиш, мураккаб тоғ шароитида ноқонуний қуролланган кучларни йўқ қилиш бўйича ўтказилган ҳамкорликдаги машқларнинг тантанали ёпилиш маросимида Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари — Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Павел Эргашев, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги штаб бошлиғи ўринбосари генерал-майор Рустам Миннекаев иштирок этди.
Аксилтеррор операциясида қўйилган ўқув жанговар топшириқларни муваффақиятли бажарган ҳарбий хизматчилар — Ўзбекистон томонидан майор Азамат Жабборов, майор Хуршид Мамадалиев, кичик сержант Ҳабибулло Холбоев, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Достон Маматов, Россия томонидан взвод командири катта лейтенант Сергей Баромыко, сержант Буян Кенден, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Амир Килик тақдирланди.
Россия Федерациясининг Тива Республикасидан келган ҳарбий хизматчилар маданий тадбирлар давомида Самарқанд шаҳрида ҳам бўлдилар.
Россия Федерацияси ҳарбий хизматчилари шу куни ортга қайтдилар.