ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг "Фориш" тоғ дала ўқув майдонида Ўзбекистон ҳамда Россия Мудофаа вазирликлари ҳамкорлигида ўтказиладиган махсус тактик-ўқув машқларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Унда Ўзбекистон Мудофаа вазирининг ўринбосари — Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор П. Эргашев, Россия Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги штаб бошлиғи ўринбосари генерал-майор Р. Миннекаев, икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлашда ўзининг қатъий позициясига эга эканлигини эътироф этдилар. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Россия Федерацияси Марказий ҳарбий округи ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг концерт дастури намойиш қилинди.
Шунингдек, Россия Федерацияси ҳарбийлари учун қурол-яроғ ва ҳарбий техника намойиши бўлиб ўтди.
Икки давлат ҳарбий хизматчилари ўртасида мини-футбол, волейбол, арқон тортиш, армрестлинг каби спорт турлари бўйича мусобақа ўтказилди.