ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Миллий хавфсизлик хизмати оператив ходимлари Тошкент шаҳри ва вилоятида қатор наркогуруҳлар ва тақиқланган модда тарқатувчилар фаолиятига чек қўйиш бўйича махсус операциялар ўтказишди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Хусусан, гиёҳванд моддалар тарқатиш бўйича тармоқ ташкил этган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Гуруҳ ташкилотчиларидан бири пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи 32 ёшли тадбиркор Абдувосил Холматов бўлган.
"МХХ ходимлари томонидан ўтказилган операция чоғида Холматов ва унинг хусусий киракашлик билан шуғулланувчи 44 ёшли шериги Носир Толипов "Матиз" машинасида кетаётганида Тошкент вилоятининг "Қорасув" йўл-патрул хизмати постида тўхтатилди. Машина текширувдан ўтказилганида унинг ҳаво фильтри бўшлиғида ичида 516 ва 105 грамм афюн бўлган иккита ўрам топилди", — деди МХХ вакили.
Холматов гиёҳванд моддани Бекобод тумани ҳудудида Абдураҳмон исмли тожикистонлик шахсдан олганини билдирди.
Яна бир операция чоғида Тошкентда гиёҳванд модда тарқатиш билан шуғулланишда гумон қилинаётган тўрт киши ҳибсга олинди.
"Олинган маълумотлар асосида илгари судланган, колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи 36 ёшли Жамшид Мамадалиев ушланди. У бирга турадиган аёлнинг уйидан 8,5 грамм афюн, марихуана ва 1400 доллар топилди. Мамадалиевнинг кўрсатмалари асосида МХХ ходимлари унинг илгари судланган уч шериги: 45 ёшли Худоёр Бекматов, 43 ёшли Ботир Алимов ва 45 ёшли Жаҳонгир Абдураҳмоновни қўлга олишди. Абдураҳмоновга тегишли "Каптива" автомобилида сотишга тайёрлаб қўйилган 4 грамм афюн борлиги аниқланди", — деди куч ишлатиш тизими вакили.
Қўлга олинганлар ўз фаолиятларини тадбиркорлик ниқоби остида амалга оширишган. Масалан, Алимов фойдаланилган машиналар олди-сотдиси билан, Абдураҳмонов эса текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланган.
Яна бир операция Олмалиқ шаҳрида ўтказилди. Келиб тушган маълумот асосида оператив ходимлар 55 ёшли Георгий Кимни қўлга олишди. Унинг ёнидаги сумкадан ичида 24 грамм марихуана бўлган тўртта гугурт қутиси топилди.
46 ёшли Абдуҳамид Ғафуровнинг 36 грамм марихуана сотишга уринган чоғда қўлга олиниши ҳамда ёнида 15 грамм марихуана бўлган Солижон Холматовнинг ушланиши махсус операциянинг мантиқий давоми бўлди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари юқоридаги ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатди, тергов ишлари давом этмоқда.