ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. МХХ ходимлари гиёҳванд моддалар тайёрланган уй фаолиятига чек қўйдилар, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Ушбу уйда ноқонуний фаолиятини ҳеч қаерда ишламайдиган 52 ёшли Наталья Череповская ва унинг эри 49 ёшли Назар Тожибоев ташкил қилишган. Қўлга олинганларнинг иккови ҳам беш мартадан гиёвандлик билан боғлиқ турли жиноятлар, шунингдек, фирибгарлик, ўғрилик бўйича судланган.
"Эр хотин ўз уйларида гиёҳванд моддаларни тайёрлаш ва бангихона ташкил қилганлар. У ерда улар турли наркотик моддалар: морфин, кодеин, опий моддаларни тайёрлаш, истеъмол қилиш ва сотиш ишлари билан шуғулланишган. Тезкор ходимлар ушбу уйда 37 ёшли Эркин Парпиев ва 38 ёшли Игор Кимни қўлга олганлар. Улар ушбу уйда гиёванд моддаларни сотиб олиб истеъмол қилишган", — деб таъкидлади Sputnik мухбирига орган ходими.
Дастлабки тергов жараёнида шу маълум бўлдики, Череповская ва Тожибоев ўз уйида икки йил давомида ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келишган.
Ўтказилган экспертиза натижаларига кўра, олиб қўйилган морфин, кодеин ва опиум гиёҳвандлик моддаси эканлиги тасдиқланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Череповская ва Тожибаевга нисбатан Жиноят кодексининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.