TOШКЕНТ, 18 август — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси МХХ ходимлари Қирғизистон фуқароси томонидан республика ҳудудига йирик миқдордаги наркотик модда олиб кирилишининг олдини олишди. Бу ҳақда "Подробно.уз" хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, 12 август куни Андижон вилоятининг Марҳамат туманида жойлашган "Машъал" блокпостида МХХ ходимлари томонидан марғилонлик Солижон Ботиров бошқарувидаги 40F383NA давлат рақамли "Нексия" машинаси тўхтатилди.
Автомашина салони кўздан кечирилганида Ўш вилояти Аравон туманида яшовчи Қирғизистон фуқароси Дилшод Дилмуродов ўтирган олд ўриндиқ остида скотч билан ўралган целлофан халта борлиги аниқланди. Экспертиза чоғида халта ичидаги модда гашиш гиёҳвандлик моддаси эканлиги ва оғирлиги 1 кило 618 граммлиги аниқланди.
Дастлабки суриштирув чоғида Д.Дилмуродов ушбу гиёҳвандлик моддасини Фарғона вилояти ҳудудида сотиш учун олиб киришга уринганлигини билдирди.
Шунингдек, наркотик Фарғона вилояти Тошлоқ туманида яшовчи Бахтиёр Искандаровга берилиши мўлжалланганлиги аниқланди ва бу шахс ҳам қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ишлари олиб борилмоқда.