ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Ўта шафқатсиз тарзда калтакланиб, олган жароҳатлари оқибатида касалхонада оламдан кўз юмган Боровский номидаги тиббиёт коллежи талабаси Жасурбек Иброҳимовнинг онаси судда берган кўрсатмаларини журналистлар орасида тарқатиб юборди, бундан ташқари ушбу кўрсатмалар ижтимоий тармоқдаги гуруҳларда ҳам пайдо бўлди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Жасурбекнинг онаси Нилуфар Алиева ўз кўрсатмаларига қўшимча тарзда марҳум ўғлининг суратини ҳам илова қилган. Суратда шифокорлар Жасурбекнинг ҳаёти учун курашаётган бир маҳалда у қандай оғир аҳволда бўлганлигини кўриш мумкин.
Алиеванинг сўзларига кўра, ўша машъум кунда ўғли унга қўнғироқ қилганида, аёл ишхонада бўлган. Ўғил йиқилиб тушганини, бурни тўхтовсиз қонаётганини ва қорни қаттиқ санчиётганини айтиб, онасидан тезроқ келишни сўраган.
Ота-она уйга келгач (аёл йўл-йўлакай турмуш ўртоғига телефон қилган) қўрқинчли бир воқеанинг устидан чиқадилар: ўғиллари полда ётганча қаттиқ оҳ-воҳ қиларди. Унинг бурнидан, оғзидан ва қулоқларидан жигарранг қон келар, бутун танаси шилинган ва шишларга тўлган, тиззалари эса йиртилган бир аҳволда эди.
Алиеванинг ёзишича, айнан мана шундан сўнг касалхоналарга қатновлар бошланган. Иккита касалхонадан сўнг, уларни учинчисида, 14-болалар шифохонасида қабул қилишган.
Оқибатда йигит бешта мураккаб жарроҳлик амалиётларини бошдан кечирган. Аммо буларнинг ҳеч бири фойда бермаган.
"Орадан бироз вақт ўтгач касалхонага декан Мариэлла Туленовна, куратор Лилия Александровна, Тўлаганов Исломнинг онаси ва Исломнинг ўзи келишди. Декан, куратор ва Исломнинг онаси реанимацияга киришди. Улар жароҳатлар қанчалик оғирлигига амин бўлишмоқчи эди. Шундан сўнг Исломнинг онаси, декан ва куратор гувоҳлигида Ислом билан суҳбат бўлди.
Ислом муштлашувда ўзидан ташқари Бегзод ва Тимур (уларнинг иккиси ҳам Жасурнинг курсдоши бўлган), учинчи курсдан Тимур ва Ҳурмат исмли йигитлар бўлганини айтди. Аммо Исломнинг юзи ва қўллари ҳатто заррача тирналмаган эди", — дейилади онанинг кўрсатмаларида.
Сал кечроқ касалхонага жабрдийдадан кўрсатма олиш учун ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам келишган.
Нилуфар Алиева ўз кўрсатмаларида бўлиб ўтган воқеалар кетма-кетлигини деярли кунма-кун қайта тиклаган. Хусусан, аёлнинг ёзишича, 2017 йил 5 май куни у эрталаб 10ларга яқин касалхонага келганида у ерда Ислом Тўлагановнинг отасига дуч келган. Сал кейин реанимация мудираси Махфуза Тулкуновна аёлга эрталаб буваси Жасурни кўришга келганини ва у билан кўришиб, суҳбатлашганини айтади ва Исломнинг отаси томон ишора қилади.
"Шу куннинг ўзида ўғлим Жасур ёнига, яъни реанимацияга ҳеч кимни киритмасликни сўради. Мен негалигини сўрадим, у Исломнинг отаси келганини айтди. "У сени қўрқитдими?" — ўғлим бошини "ҳа" деган маънода силкитди", — деб ёзади ўз кўрсатмаларида она.
Онанинг кўрсатмаларига биноан, Жасурбек касалхонада ётган вақтида, аёл ҳаммасига ойдинлик киритиш мақсадида жиноят содир этилган жойга бориб келган. Натижада, аёлнинг ёзишича, гувоҳлар ўша машъум кунда гаражлар ёнида оқ кўйлакли ўсмирларни кўришганини тасдиқлашган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, улардан бири қонга беланган, ҳаммаёғи кир аҳволда бўлган.
Аёл ўз кўрсатмаси сўнгида адолат қарор топишига ва айбдорларнинг ҳаммаси қилмишига яраша жазоланишига умид билдирган.