ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги бешта педагогика институти Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфига ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда белгилаб қўйилди.
Ҳужжатга кўра, Нукус давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти, Жиззах давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти ва Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфига ўтказилади.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари тегишли ҳудуддаги олий таълим муассасалари тасарруфига берилади.
Ушбу институтлар негизида Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари ташкил этилади.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Ҳудудий марказлар учун халқ таълими тизими ходимларининг касбий билимлари ва малакаларини ошириш ишларига илмий-методик жиҳатдан раҳбарлик қилиш, намунавий ўқув режа, дастур, ўқув-методик ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди.
Қарорга мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти ва Республика илмий-педагогика кутубхонаси Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тасарруфига берилади.
Қарор республикада таълим соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини кўтаришга хизмат қилади.
Маълумот учун, бугунги кунда халқ таълими тизимида жами 4916 та мактабгача таълим муассасаси, 9680 та умумий ўрта таълим мактаби, 211 та "Баркамол авлод" маркази мавжуд бўлиб, уларда жами 400 минг нафардан ортиқ педагог ходим фаолият кўрсатмоқда.
Амалдаги тартибга асосан халқ таълими муассасалари педагоглари камида 5 йилда бир маротаба ўз малакаларини оширадилар.