TOШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистон президентининг “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида намунали педагогларга ипотека ва истеъмол кредитларини ажратиш тартибини жорий этиш кўзда тутилган.
Қарорга асосан Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Марказий банк, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига биргаликда уч ой муддатда турли танловлар ва конкурсларда совриндор бўлган, ўқувчи-талабалари республика ва халқаро олимпиадаларда, танловларда юқори натижаларни қўлга киритган педагогларга уй-жой, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобиль, маиший-хўжалик жиҳозлари сотиб олишлари учун имтиёзли ипотека ва истеъмол кредитларини ажратиш тартибини жорий этиш юзасидан таклифларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилган.
Бундан кўзланган мақсад таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг ижтимоий нуфузини ошириш, жамиятда педагогик фаолиятнинг обрўсини юксалтириш, педагогларни ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтаришдир.