ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Янги туғилган чақалоғини ўлдирганликда гумон қилинган она бугун СИЗОда ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилди. Исми сир бўлиб қолишини истаган, 90-йилларда аёллар колониясида ишлаган бугунги суҳбатдошимиз фарзанд қотиллиги — энг оғир жиноятлардан биридир, деган фикрда.
— Бордию фарзандкуш колонияга тушгудек бўлса, бу унинг учун ўлим билан баробар бўлган, — дейди очиқчасига у.
— Аёллар колониясида судланганларни нима қилишарди?
— Кунларнинг бирида эрига қасд қилиб икки фарзандини ўлдирган бир аёлни олиб келишди. Биз бу каби маҳбуслар устидан амалга ошириладиган ҳар қандай ёвузликларнинг олдини олишга ҳаракат қилардик. Аёллар аҳлоқ тузатиш колонияларида "пахан"лар ролини етакчи аёллар ижро этарди, колонияда улар сони 2-3 нафар бўларди.
Қисқаси, бу аёл тақдири не кечишини билиш учун "пахан"ларнинг бири билан учрашдик. У бизга: "Ўлдирмаймиз", деб айтди. Лекин эртами-кечми улар бу аёлгача етиб келишлари равшан эди. Худди шундай бўлди ҳам. Фарзандкушни "жонли йўлак"дан ўтказишди.
Маҳбус аёллар икки қатор бўлиб саф тортиб туришар, янги келган аёл улар орасидан ўтиши керак эди. У охиригача боролмади — хушсиз йиқилди.
Кейинчалик менга у ҳар куни калтак ейиши ҳақида сўзлаб беришган.
Маҳбуслар ўзлари ҳақида "биз ҳақиқатда тамом бўлганлармиз" деб гапиришарди, чунки уларнинг келажаги йўқ эди.
— Хотирангизда бундай воқеалар кўп бўлганми?
— Йўқ. Унчалик кўпмас. Мен колонияда беш ярим йил мобайнида ишлаганман. Шу вақт оралиғида у ерга 6-7 нафар фарзандкуш олиб келинган. Шулардан бири мен ишлаганда ҳалок бўлди. Яна бир ҳодиса эсимга тушди, бир куни 7 яшар ўгай ўғлини ўлдирган аёлни олиб келишганди. Аёл болани саройда қамаб қўйган ва норасида очликдан ҳалок бўлган. Ўша аёл жазо муддатининг охиригача бора олган. Адашмасам, уни мамлакатда Аёллар йили деб эълон қилиниши муносабати билан амнистия қилишганди. Аёлни озодликда ўлдиришди.
Фарзандкушларнинг аксарияти СИЗОда вақтидалигидаёқ ўз жонига қасд қилишган. Колонияга тушганлари эса… Хуллас, уларга ҳеч ким хавас қилмаган.
— 90-йилларда қамоқхоналар қонун-қоидалари жуда бешафқат бўлган. Ҳозирчи?
— Ҳозир қандай аниқ билмайман, лекин эшитишимча, вазиятга боғлиқмиш: пул бўлса, жазодан қутулиб қолиш ҳам мумкин экан.