ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. 2018 йилнинг охиригача Ўзбекистон футболига 3,5 миллион АҚШ доллари, 2019 йилда эса яна 1,5 миллион доллар ЎФФ ҳисобига ўтказиб берилади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар қилди.
Мексикада бўлиб ўтган Конгрессда Инфантино ФИФАнинг даромади унга аъзо федерацияларга тақсимлаб берилиши кераклигини айтган эди. Ана шу гапларнинг исботи тариқасида Инфантино янги ривожлантириш лойиҳасини ишга туширди. Мазкур лойиҳа доирасида ФИФАга аъзо ҳар бир федерация, шу жумладан Ўзбекистон ҳам, 4 йил муддатга 5 миллион АҚШ доллари миқдорида пул олади.
Бу пуллар ФИФАнинг "Форвард" лойиҳаси регламентида айтиб ўтилганидек федерациянинг ишини юритиш, маъмурий бошқарув ишлари, шунингдек, терма жамоалар, республика миқёсидаги мусобақаларни ўтказиш, веб-сайт ишларини такомиллаштириш каби алоҳида белгилаб қўйилган ишларга сарфланиши керак. Амалий ишлар тугагач, ФИФА 5 миллион АҚШ долларини 4 йил ичида ўрнатилган тартибда федерацияларга аудит асосида ўтказиб беради.
Умид Аҳмаджоновнинг ФИФА билан музокаралари натижасида махсус лойиҳалар учун ФИФА билан 2017-2018 йилги даврга 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланадиган бўлди. Аҳмаджоновнинг топшириғи асосида Тошкентда ушбу шартнома шартларини бажариш бўйича ишчи гуруҳи тузилиб, унга белгиланган муддат ичида барча хужжатларни Цюрихга юбориш вазифаси бирламчи қилиб қўйилди.
Бундан ташқари 2016 йилги махсус лойиҳалар учун ўз ҳисобидан маблағ ишлатиб турган ЎФФга харажатларни қоплаш мақсадида 1 миллион АҚШ доллари ўтказиб бериладиган бўлди. Жанни Инфантино келгусида ФИФАнинг футболни ривожлантиришга йўналтирилган молиявий грант дастурларида Ўзбекистоннинг фаол иштирок этишига умид билдирди.
ФИФА қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралар якунига кўра, ЎФФ президенти Умид Аҳмаджоновнинг таклифи билан ФИФА президенти Жанни Инфантино Ўзбекистонга ташриф буюришга ваъда берди.
Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги ЎФФ делегацияси Швейцариядан Тошкентга шу ҳафта охирида қайтиб келади.