ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов ва Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ижроия Қўмитаси аъзоси Бобур Шодиев бугун Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
Умид Аҳмаджоновнинг ташрифдан кўзлаган асосий мақсади ФИФА таснифидаги халқаро тадбир ва мусобақаларни Ўзбекистонга олиб келиш бўлиб, ЎФФ Президенти Жанни Инфантино билан ўзаро суҳбат чоғида ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, 17 ва 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ўтказиш масаласини қизғин муҳокама қилди.
ЎФФ Президенти ФИФА президенти билан суҳбат асносида Ўзбекистон бугунги кунга келиб, ФИФА Конгресси, шунингдек, ФИФАнинг ихтисослашган форумларидан бирига мезбонлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон делегацияси футбол тарғиботини кучайтириш мақсадида ФИФАдан дунё футболининг ёрқин афсоналари ва бугунги кун юлдузларини Ўзбекистондаги ёш футболчиларга мастер-класс ўтаб бериши, шунингдек, жаҳон футболида топ-мураббийларни Ўзбекистонда назарий ва амалий машғулотлар ўтказиб бериши учун таклиф қилишда ФИФАнинг амалий ёрдам беришини сўради.
Бундан ташқари, Европанинг кўзга кўринган футбол клублари ва Ўзбекистон клублари ўртасида ҳамкорликдаги ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича икки томонлама келишувга эришилди.