ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. ЎФФ 10 кун ичида янги режалар ҳақида ахборот беради, деб хабар қилди Ўзбекистон Футбол федерацияси матубот-хизмати.
"Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги раҳбарияти болалар-ўсмирлар ва оммавий футболни янада ривожлантириш, миллий терма жамоаларнинг фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати савиясини кўтариш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, халқ ва ишқибозлар билан мулоқот кўприкларини янада кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилаяпти", — дейилади хабарда.
Шу асосда федерациянинг бўлинмаларини қайта кўриб чиқиш ва маъмурий аппаратга етук мухассисларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Футбол Федерацияси ушбу хабар эълон қилинганидан 10 кун ўтиб, мамлакат футболини ривожлантириш йўлидаги 2018-2022 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар режаси, Ўзбекистон футболини янада ривожлантириш дастури юзасидан жамоатчиликка маълумот беради.