ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Телефон ва телевизор олиб қўйилгач қарз бир кунда тўланди, деб хабар қилган мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси Ҳасан Пардаев "Зарафшон" нашрига.
Хабарда Бош прокуратура ҳузурида мажбурий ижро бюроси ташкил этилгач, коммунал қарздорликни камайтиришда ижобий натижага эришилаётгани қайд этилган.
Жумладан, Самарқанд шаҳри Истиқбол кўчасида яшовчи Б.Ибрагимовга табиий газдан 1 704 871 сўм қарздор экани сабабли чақирув қоғози юборилган ва расмий равишда огоҳлантирилган. Фуқарога қарзни ихтиёрий равишда тўлаш учун берилган беш кунлик муддатда ҳам қарз тўланмагач, қарзни ундирув фуқаронинг мол-мулкига қаратилган. Қарздорга тегишли маиший ва электр жиҳозлар хатланиб, далолатнома тузилган ва реализация мақсадида олиб қўйилган.
Шундан сўнг фуқаро қарзларини бартараф этиб, "Самарқандшаҳаргаз" филиали ҳамда давлат фойдасига келтирган зарарни қоплаган.
Фуқаро бир неча йилдан буён қолиб кетаётган барча қарзларини ва давлатга келтирган зарарини тўлаган.
2017 йил 1 июль ҳолатига кўра Самарқанд вилоятида электр энергиясидан қарздорлик 328 миллиард, табиий газдан 299 миллиард сўмдан ошган. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг асосий вазифаларидан бири ана шу қарздорликка аниқлик киритиб, уни бартараф этишдан иборат.