TOШКЕНТ, 4 август — Sputnik. Қорақалпоғистонда Мажбурий ижро бюросининг Қўнғирот тумани бўлими инспекторини урган фуқаро қамоққа олинди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон хабар агентлигига таяниб kruz.uz хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Қўнғирот тумани бўлими давлат инспектори С.Машарипов тумандаги "Ўрнек" МФЙда яшовчи Х.Қабуловнинг табиий газдан жами 312 минг 331 сўм миқдорида қарзи бор эканлигини аниқлаган.
Инспектор қарзни тез кун ичида тўлаш лозимлиги ҳақида расмий талабнома берган вақтида, уй эгаси уни ҳақорат қилиб, мушт туширган ва изидан қувиб етиб тепган.
Ушбу ҳолат бўйича Қўнғирот тумани прокуратураси томонидан Х.Қабуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди (исм-шарифлар ўзгартирилган).