ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Ўзбекистон Ҳукумат портали матбуот-хизмати янги ҳайдовчилик сертификати жорий этилаётгани ҳақида хабар берди.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 сентябрдаги "Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ҳайдовчилар малакасини мунтазам ошириш, бу орқали йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтаради.
Қарорга асосан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранпорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги белгиланди. Шунингдек, ҳайдовчиларга малака оширгани тўғрисида "Avtotest Report" МЧЖ ўқув комплексининг сертификати топширилиши назарда тутилган.
Қарордан келиб чиқиб, 2018 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини сертификатсиз бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик жорий этилади.