ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Владимир Путин Жанубий Корея раҳбари Мун Чжэ Ин билан Шарқий иқтисодий форум доирасида учрашув ўтказди, деб хабар қилди РИА Новости.
Учрашув чоғида Владимир Путин ҳиссиётларга берилмасликка ва КХДРни бурчакка тақамасликка чақирди.
"Ҳис-туйғуларга берилмаслик керак ва Шимолий Кореяни бурчакка тақаш керак эмас. Бугун ҳамма вазминликни намойиш қилиб, кескинликни оширишга олиб келувчи қадамлардан ўзини тийиши керак", — деб таъкидлади Владимир Путин.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг аниқ таклифлари Хитой билан ҳамкорлигидаги "йўл харитаси"да қайд этилган. Президент ушбу кескин вазиятни юмшатиш ва босқичма-босқич тартибга солишга қаратилган ташаббусларни диққат билан кўриб чиқишга барча томонларни чорлади.
"Россия КХДРнинг ядровий мақомини тан олмайди. Чунки Пхеняннинг ракета дастури БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини қўпол равишда бузиб келмоқда. Шунингдек, ядровий қурол тарқалмаслиги режимини бузмоқда ва Шимолий-Ғарбий Осиё минтақаси хавфсизлигига раҳна солмоқда.
Мун Чжэ Ин ўз навбатида, КХДР билан муаммоларни ҳал қилиш зарурлиги бўйича Путин билан бир тўхтамга келганлигини айтди.
"Биз жаноб президент билан ядровий ва ракета синовлари нотўғри йўл эканлиги ва Корея ярим оролида кескинликни камайтириш долзарб вазифаси юзасидан ягона фикрга келдик", — деб таъкидлади Жанубий Корея етакчиси.