TOШКЕНТ, 22 август — Sputnik. Ўзбекистон президенти аҳолининг эрта баҳорда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган қарорни имзолади. Қарор матни президентнинг расмий веб саҳифасида келтирилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини экиш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳажмлари ҳисоб-китоби маъқулланди.
Қарорга асосан тузилган махсус Республика комиссияси 4 та сектор раҳбарлари билан биргаликда август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экиладиган майдонларни шудгорлаш, экишга ер тайёрлаш, очиқ майдонлар ва боғ-ток қатор ораларига экиш ишларини тизимли ташкил этишни таъминлаши даркор.
Бундан ташқари, комиссия зиммасига мазкур экинларни эрта баҳорда озиқлантириш, суғориш, парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш билан боғлиқ агротехник тадбирларнинг оптимал муддатларда бажарилишини назорат қилиш, талаб этиладиган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва бошқа моддий ресурсларни ўз вақтида етказиб берилиши, етиштирилган маҳсулотни ички ва ташқи бозорларга сотиш, қилинган харажатларни қоплаш ишларини мувофиқлаштириб бориш юклатилди.
Комиссия шунингдек, эрта баҳорда етиштирилган маҳсулотларни 2018 йилнинг март ойидан бошлаб ички бозорлар ва Тошкент шаҳар ярмаркаларига етказиб бериш бўйича режа-жадвалларни ишлаб чиқади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига 2017 йил 25 августгача фермер ва деҳқон хўжаликларига юқори сифатли уруғликларни дориланган ва сертификатлар мавжуд бўлган тақдирда камида 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шарти билан етказиб берилишини таъминлаш ҳамда 2017 йил 10 сентябргача фермер хўжаликлари билан Тошкент шаҳар ярмаркалари, тайёрлов ва экспорт қилувчи ташкилотлар ўртасида тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ маҳсулот етиштирувчиларга шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда аванс маблағларини тўлаб бериш чораларини кўриш вазифалари юклатилди.
Қарорга мувофиқ "Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсокпиёз ҳамда тўқсонбости усулида экиладиган сабзавот экинлари учун республикада етишмайдиган уруғликларни хориждан олиб келиш ва белгиланган тартибда жойларга етказиб берилишини таъминлайди.
Тўқсонбости усулида сабзавот экинларни экиш ва унинг агротехникасини амалга ошириш учун талаб этиладиган кредитлар маҳсулот етиштирувчи ва харид қилувчи ташкилотларга бир ой муддатда ажратилиши ташкил этилади.