ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Россиянинг Упорово шаҳридаги "КРиММ" агрофирмаси ва AGROVER қишлоқ хўжалиги компанияси Ўзбекистон Республикасига олий навли "Розара" ва "Рэд Скарлет" картошкаси уруғидан 600 тонна етказиб беришга шартнома тузди. Бу ҳақда Тюменская линия ахборот агентлиги хабар қилди.
Ўзбекистонга картошка уруғини етказиб беришдан аввал 2 минг тонна картошка етказиб бериш бўйича битим тузилган эди. Шундан сўнг томонлар ҳамкорликни кенгайтириш қарорини қабул қилдилар.
Картошка хорижга жўнатилишидан аввал жиддий сифат назоратидан ўтади. Дастлаб уруғлик корхона ичида яширин зарарланганликларга текширилади. Сўнгра Россельхозцентрнинг Тюмендаги филиали уруғликдан намуналар танлаб, маҳсулотнинг мувофиқлик сертификатини топширади. Мамлакатдан экспорт қилиш учун, шунингдек, фитосанитар сертификат берилади.
"КРиММ"нинг картошка уруғининг илк партияси Ўзбекистонга жўнатиб бўлинди. Қолган уруғлик 15 майдан кечиктирилмасдан тўлиқ етказиб берилади, деб хабар қилган "Упоровское время" телеканали.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев Россия Ўзбекистонга дон, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, уруғлик картошка, шунингдек қандолатчилик маҳсулотлари етказилиши ҳажмини оширишдан манфаатдор эканлигини маълум қилган эди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.