ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Ҳар ойда 1000 тонна маҳсулотни қайта ишлаб, Англия, Германия, Виргил ороллари, АҚШ, МДҲ давлатлари ва 20 дан ортиқ мамлакатга экспорт қиляпмиз, деб айтган "Зарафшон" мухбирига берган интервьюсида Самарқанд вилояти Булунғур тумани "BULUNGUR-SANDVIK" масъулияти чекланган жамияти директори Носир Юсупов.
"Қарийб 10 йиллик тажриба асосида ҳар ойда 1000 тонна маҳсулотни қайта ишлаб, Англия, Германия, Виргил ороллари, АҚШ, МДҲ давлатлари ва 20 дан ортиқ мамлакатга экспорт қиляпмиз. Май ойининг ўзида хорижга 846 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот чиқардик", — деб қўшимча қилган суҳбат давомида Юсупов.
Туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Низомиддин Расуловнинг айтишича ўтказилаётган мева-сабзавот ярмаркаларида туманнинг экспортёр корхоналари Англия, Озарбайжон, Хитой давлатларининг нуфузли компаниялари билан 20 миллион 572 минг АҚШ доллари миқдоридаги келишув асосида 19 минг 300 тонна қуритилган ва янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари, дуккакли экинлар етказиб беришган.
"Бу йилдан эса экспортчи корхоналаримиз сафи яна тўрттага кенгайиб, май ойининг ўзида 1 миллион 240 минг АҚШ доллари ҳисобида 1841 тонна маҳсулот экспорт қилинган бўлса, йил бошидан буён улар 4 миллион 379 минг АҚШ долларлик маҳсулот сотишга эришди", — деган у.
"Бундан ташқари, Бахмал, Жомбой ва Булунғурдаги вино ишлаб чиқариш корхоналарига 1200 тонна узум етказиб бердик. Олинган даромаддан корхонада шпалер ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Хитойлик ҳамкорлар билан ойига 250 тонна мевани саралаш, қадоқлаш ва қуритишга мўлжалланган янги линияни ишга туширишни режалаштиряпмиз.
Жорий йилда ҳам россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликни давом эттириб, минг тонна узум ва 250 тонна майиз етказиб бериш учун 8 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома тузганмиз. Даромаддан эса минг тонналик музхона қурмоқчимиз. Мамлакатимизда экспорт имкониятлари кенгаяётгани корхоналарнинг молиявий барқарор бўлиши ва тармоқларни кенгайтиришига замин бўляпти. Биз ҳам мазкур режалар ижроси билан қўшимча 15 та янги иш ўрни яратишни мўлжаллаяпмиз", — деб хабар қилган Каримов.