ТОШКЕНТ, 21 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни Бекобод шаҳрига уюштирган ташрифи чоғида шаҳар фаоллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув ҳақда кўрсатув Uzbekiston 24 телеканали орқали намойиш қилинди.
Бекобод шаҳрида президент Мирзиёев валюта айирбошлаш сиёсатида катта ишлар қилинаётгани ва бу жараён оғир бўлаётганини эътироф этган.
"Биз монитар сиёсатимизда катта-катта ишларни бошладик. Валютамизни айирбошлаш, энг катта нарса — сўмимизни дунё бозорига чиқариш бўйича. Бўлаяпти, лекин оғир бўлаяпти. Оғир бўлади. Бу осон ишлар эмас. Етти марта ўлчаб бир марта кесадиган нарсалар. 33 миллион халқ орқамизда турибди. Невараларимизнинг тақдири бу", — деган президент Шавкат Мирзиёев.
"Бағримиз кенгроқ бўлиши керак, бизга ярашади. Кечиримли халқ, кечиримли раҳбар бўлишимиз керак. Биз кичкина-кичкина майда гапларга аралашиб, фисқу-фасод гаплардан йироқ бўлишимиз керак. Ана шунда Худо таоло ўз баракаси, марҳаматини аямайди, юртимиз обод бўлади", — деган Шавкат Мирзиёев.