ТОШКЕНТ, 17 авг Sputnik. Прокуратуранинг асосий вазифаларидан бири ички ишлар органлари қонунларни қандай ижро этаётганини назорат қилиш, жиноятчиликка қарши курашишда улар билан фаолиятни мувофиқлаштиришдан иборат. Лекин айрим прокуратура ходимлари таниш-билишчилик туфайли бу вазифани виждонан адо этмаяпти, деб таъкидлади Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ички ишлар органлари вакиллари билан ўтказган йиғилишида.
Жойларда профилактика масаласига етарлича эътибор берилмаяпти: Самарқанд вилоятида содир этилган 49 та қотилликдан 14 таси, Жиззах вилоятида 10 тадан 4 таси, Навоий вилоятида 10 тадан 3 таси, Қашқадарёда 30 тадан 6 тасининг олдини олиш учун тўлиқ имкониятлар мавжуд бўлган — маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари муайян жиноят эҳтимолидан бохабар бўлса-да, бирор чора кўрмаган.
"Ҳудудларда ички ишлар органлари фаолиятида камчиликлар юзага келиб, узоқ муддат ечилмаётганида маълум маънода туман ва шаҳар прокурорларининг ҳам айби бор. Прокуратуранинг асосий вазифаларидан бири ички ишлар органлари қонунларни қандай ижро этаётганини назорат қилиш, жиноятчиликка қарши курашишда улар билан фаолиятни мувофиқлаштиришдан иборат. Лекин айрим прокуратура ходимлари таниш-билишчилик туфайли бу вазифани виждонан адо этмаяпти. Бир сўз билан айтганда, ички ишлар органлари фаолияти устидан прокурор назорати етарли даражада ўрнатилмаган", — деди Мирзиёев.
Шу муносабат билан Бош прокуратура раҳбариятига ички ишлар органлари фаолияти устидан самарали прокурор назорати ўрнатиш ва прокурорларнинг шахсий масъулиятини оширишни таъминлаш вазифаси топширилди, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати.