TOШКЕНТ, 17 август — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Аҳмаджон Турсунбоев (Аҳмадбой) ҳамда унинг олти нафар шериги гумондор сифатида кўрилаётган иш бўйича суд эшитуви давом этмоқда. UZ24 суд мажлисида Турсунбоев ташкил этган "Чиноз ҳалол чорва" ва "Чиноз авто ҳамкор" фирмалари фаолиятидан зарар кўрган жабрланувчилар кўрсатмаларини келтирди.
Т. Фазлидинов сирдарёлик бўлиб, унинг айтишича, Аҳмадбой ҳақида эшитиб келган, лекин 4 йил мобайнида ишонмаган.
"Атрофимдагилар, таниш-билишларим у ҳақида кўп гапиравергач, мен ҳам пул топширишга қарор қилгандим. 2016 йил 14 июнь куни яшаб турган уйимни сотиб, 24,5 минг АҚШ доллар пулимни Аҳмадбойга ўз қўлим билан обориб бергандим. Эртасига, яъни 15 июнь куни Аҳмадбой қўлга олинди, деган хабар тарқалди. Улар 24,5 минг доллар пулимни 62 минг доллар қилиб қайтаришни айтишганди. Ҳозирда оилам билан Янгийўл шаҳрида ижарама-ижара яшаб юрибман", деган у.
Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманилик Э. Атахаджаевнинг айтишича, у 2015 йили картошка эккан, лекин картошка жуда арзон бўлиб кетгани сабабли банкрот бўлган. Шундан кейин Аҳмадбой ҳақида, у берилган пулларни ортиғи билан қайтариши ҳақида эшитган.
Унинг сўзларига кўра, 2016 йил июнь ойида қайнотасининг "Ласетти" русумли машинасини сотиб, 5 минг АҚШ доллар миқдордаги пулни Аҳмадбойга олиб бориб берган. Улар 5 мингни 10 ойда 12 минг қилиб берамиз, дейишган. Лекин ҳали бир марта ҳам пулини олмасидан, Аҳмадбой ушланган.
"Тошкент вилояти Оққўрғон туманида яшайман. Уйда 7 бош қорамол боқардим. Бир куни Бахт исмли йигит маҳалламизга келиб, агар пулларингизни, молларингизни Аҳмадбойга топширсангиз, сизларга кўпайтириб қайтаради, деган гапларни айтди. Мен унга ишондим ва қорамолларни топширдим. Яна бир кун келиб, ҳовлида турган "Матиз" автомобилини ҳам топширишимни айтди. Машинага қўшиб тилла тақинчоқларимни ҳам 6 минг долларга баҳолаб, ўзи олиб чиқиб кетди. Мени ортимдан қизим ҳам икки бош қорамолини, тиллаларини, сотган уйини пулини ўша йигитга топширди. Мана энди ҳеч нимасиз қолдик", дейди С.Сафарова.
Тошкент вилояти Янгийўл туманилик К.Раҳимов эса "Аҳмадбойнинг офисини банкка ўхшатган".
У Янгийўл туманидаги Халқобод қўрғонида қўй боқиш билан шуғулланган. Бир куни Дилмурод исмли бола келиб, қўйларини янада кўпайтириб беришга ваъда бериб, 11 та қўйни олиб кетган.
"Аввалига ишонқирамай, қўй боқиладиган жойларни ўз кўзим билан бориб кўриб келдим. Ҳаммаси бадастр, жойида эди. Кейин Аҳмадбойнинг Чиноздаги офисига ҳам бордим, у ерда бир неча кассалар қилиб қўйилган, одамлар кириб-чиқиб, келиб-кетяпти экан. Мен у ерни банкка ўхшатдим. Барча шароитлар яратилган эди, ҳар қандай одам қонунийлигига ишонадиган даражада эди. Қўлимда 700 АКШ доллар пул бор эди, уни топширдим, қўлимга чекка ўхшаш қоғоз беришди ва ҳар ойда пулингизни фоизи билан оласиз, дейишди. Шунда кейин ишончим янада ортиб, 3 минг доллар пулни яна олиб бориб бердим. Ўшанда 2016 йил апрель, май ойлари эди. Бироқ июнь ойи ўрталарида Аҳмадбой қўлга олинди-ю, қўй ва пулларимни қайтариб ололмадим", дея кўрсатма берган у.
Сирдарё вилояти Ховос туманилик 2-гуруҳ ногирони бўлган аёлнинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи оғир бетоб бўлиб қолган. Уни Ҳиндистонда операция қилдирмоқчи бўлиб, пул зарур бўлгани учун уйини 18 минг долларга сотган. Лекин бу пул операция учун камлик қилишини, жами 25-30 минг доллар кераклигини айтишган.
"Шу пайтларда (2016 йил) бозорда одамлардан Аҳмадбой ҳақида эшитиб қолдим. Унга пулингни берсанг, сенга икки баробар қилиб қайтаради, дейишди. Одамларнинг гапига ишониб, Аҳмадбойни қидириб Чинозга бордик. У ерда одамлар жуда кўп эди, узун навбатлар бор эди. Мен бир аёлни тўхтатиб, "бу киши ишончлими, алдамайдими", деб сўрадим. У эса ишончли деб тасдиқлади. Шунингдек, инкассация машинаси ҳам кириб-чиқиб юрганини кўрдим. Шунда мен демак, ишончли экан, давлатга солиқ тўлар экан деб ўйладим. Ўзи билан учрашмоқчи эдим, бироқ мени қўйишмади. Шундан кейин Олмос деган кишига учрадик. У билан эрим чиқиша олмади, кейин Муроджон деган йигитга учрадик (Шу пайт гувоҳдан судланувчилар ичида Олмос ва Мурод исмли шахслар борми деб сўралди, гувоҳ уларни кўрсатди — таҳр.) ва унга 16,5 минг доллар пулимизни бердик. Шундан сўнг бир мартагина 2 700 доллар пул олдик, Аҳмадбой қўлга олингач, қолган 13800 доллар пулимизни ололмадик. Судланувчилардан даъвоим йўқ, пулларим қайтариб берилса бўлди", дейди у.
Сирдарёлик Т.Шодиев Россияда ишлаётган қайнукаси жўнатган пуллардан 2 700 долларни Аҳмадбойга топширган. Унга 10 ойга деб берсангиз, пулингизга 10 фоиз қўшилади, дейишган. Унинг айтишича, биринчи пулини 20 июлда олиши керак бўлган, лекин Аҳмадбой 15 июнда ушланган.
Эслатиб ўтамиз, Аҳмаджон Турсунбоев Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбланмоқда: 177-модданинг (валюта қимматликларининг ноқонуний харид қилиниши ёки сотилиши) "а", "б" бандлари, 188-модда (Давлат рўйхатидан ўтмай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўта йирик миқдорда назоратсиз даромад олиш), 189-модда (Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-модданинг (Лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш) "а", "в" бандлари.
Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шериклари 2016 йилнинг июнь ойида Чиноз туманида қўлга олинган эди. У одамлардан йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баробар қилиб қайтаришни ваъда қилиб, жуда катта омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Шунингдек, у фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига хорижий валютада қарз бериб келган.
Текширувлар давомида Аҳмаджон Турсунбоевнинг уйи ва корхонасида 13 млрд 139 млн сўм ва 7 млн 900 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ва Cadillac Escalade, BMW, Lexus каби қимматбаҳо автомашиналари мавжудлиги аниқланган.