ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Шу кечаю-кундузда бутун ўзбек халқи Ўзбекистонда молиявий пирамидага асос солган "Аҳмадбой" томонидан сирли жойга беркитилган улкан хазина (милён-милён долларлару, олтинлар ва жавоҳирлар) қидирилаётгани ҳақидаги янгиликларни зўр қизиқиш, худдики, ўткир сюжетли детективни томоша қилаётгандек кузатмоқда.
Хазина ростдан ҳам бўлганми ёки Аҳмадбойнинг "абонентлари" Афанди сингари ўзлари ўйлаб топган навбатдаги лофга чиппа-чин ишонишмоқдами? Спутник Ўзбекистон мухбирлари шунга ойдинлик киритишга бел боғладилар.
"Фирибгар ҳатти-ҳаракатларидан фуқароларга етказилган зарарнинг умумий миқдорини аниқлаш ҳозир амримаҳол, сабаби аксарият одамлар фирибгарга пул билан бирга ўз машиналари, квартиралари ва қимматбаҳо тақинчоқларини топширганлар. Қолаверса, "жабрдийдалар" ўз аризаларида ҳақиқий суммани кўрсатганми ёки қўшиб ёзганми билиш қийин. Негаки, уларнинг аксарияти, пайтдан фойдаланиб кўпроқ пулни юлиб қолиш мақсадида берган суммаларидан кўпроқ суммани кўрсатаётган бўлишлари ҳам мумкин", — дея ўз фикрини билдирди суҳбатдош.
Унинг айтишича, Аҳмадбойнинг олтин хазинаси ҳақидаги миш-мишлар ҳам анча бўрттирилган.
"Ўзбекистон — бу қуйма олтинларни худдики писта харид қилгандек харид қилиш мумкин бўлган давлатмас. Амалда бундай ишларни амалга оширишнинг иложи йўқ, биргина йўли — олтиндан ясалган тақинчоқларни харид қилиш ва уларни қуйма шаклга келтириш ёки асл ҳолича сақлаш. Аммо катта миқдорда олтин тақинчоқларни харид қилиш — Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари эътиборини тортган бўлар эди, улар бу бозорни ҳамда валюта олди-сотдиси амалга ошириладиган "қора бозор"ни диққат билан кузатадилар", — дея ҳикоя қилади манба.
Суҳбатдошнинг таъкидига қараганда, Аҳмадбойнинг уйи тинтув қилинганда қўлга киритилмай қолган пуллар фирибгар томонидан бошқа мижозларга "фоиз" тўлови сифатида сарф қилинган бўлиши ҳам мумкин. Ахир фирибгар бу пулларни ишлаб топмаган, фақат бир қўлдан олиб иккинчисига топириш билан шуғулланган, холос.
Шунингдек, тергов маълумотларига кўра, Аҳмадбой ҳибсга олинишидан бир неча кун олдин ишбилармоннинг уйига қора ойнакли қимматбаҳо машиналар зир қатнаб қолган. Тахминларга кўра, автомобилларда мансабдор мижозларнинг пуллари олиб чиқиб кетилган. "Мансабдорлар Аҳмадбой тез кунда ҳибсга олинишидан олдиндан огоҳлантирилган бўлган", — дея тахмин қилади суҳбатдош.
Манбанинг айтишича, Аҳмадбойнинг хазинаси чиндан ҳам мавжуд бўлган тақдирда, у фақат доллардан иборат бўлган ҳамда бегона кўзлардан асраш учун Қозоғистон ёхуд Россияга олиб чиқиб кетилгани аниқ. Бу давлатлардан эса бу пулларни топиш анчайин мушкул иш…