ТОШКЕН, 5 авг — Sputnik. 28-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида "Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё ренессанси" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади, деб хабар қилинди Ўзбестон Фанлар Академияси сайтида.
Мазкур конференция 2014-йил Самарқанд шаҳрида "Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти" мавзуида бўлиб ўтган конференциянинг мантиқий давоми экани қайд этилган.
Ушбу конференцияда IХ-ХII асрларда Марказий Осиё Уйғониш даврининг таркибий қисмларидан бўлган ислом илмлари бўйича бой мерос ҳам муҳокама қилинади.
Конференция ишида Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд аз-Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқаларнинг, шунингдек, Имом ал-Бухорий, Бурхониддин Марғиноний, Имом Исо ат-Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби диний уламоларнинг илмий мероси таҳлилига алоҳида эътибор қаратилади.
Конференция ишида YUNESKO, IHT, AYSESKO, IRSIKA каби нуфузли халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, жаҳоннинг йирик музейлари, илмий ва таълим муассасалари вакилларининг иштироки кутилмоқда.
Конференция ўрта асрлар Марказий Осиё олимларининг меросини ҳамкорликда ўрганиш шаклида Ўзбекистон ва етакчи хорижлик олимлар ўртасида яқин илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги муҳим босқич бўлиши қўшимча қилинган.
Режага кўра, конференция якунида тезислар тўплами чоп этилди.