TOШКЕНТ, 4 август — Sputnik. 7-23 август кунлари 7346 нафар ўзбекистонлик зиёратчиларни ҳаж сафарига кузатиш бўйича барча ташкилий масалалар ҳал этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабар қилди.
Зиёратчиларга сафар олдидан мамлакат рамзлари туширилган махсус кийим ва сумкалар, ҳаж қўлланмаси ва видеотасмалар тақдим этилди.
Барча зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур вакциналар билан эмландилар.
7 август куни иккита авиарейсда Тошкент ва Наманган шаҳридан 459 нафар зиёратчи Мадина шаҳрига кузатилади.
“Ҳаж-2017” мавсуми зиёратчиларининг охирги рейсида 74 нафар Иккинчи Жаҳон Уруши қатнашчилари ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларни сафарга юбориб, биринчи рейс билан ватанимизга қайтариб олиб келиш режалаштирилган.
Жорий йилнинг 1-2 август кунлари уруш қатнашчиларига бириктирилган гуруҳ раҳбарлари фахрийларнинг хонадонларига ташриф буюриб, улардан ҳол-аҳвол сўраб, ҳукумат номидан уларга эҳром (ҳаж амалларини бажариш даврида кийиладиган кийим) ва бошқа совғалар тақдим қилдилар.
Зиёратчиларнинг ҳаж сафарини ташкиллаштириш бўйича Тошкент шаҳридаги “Новза” масжидида махсус штаб ташкил қилинган.
Зиёратчилар учун ташкилий масалаларни ҳал этиш мақсадида 28 июль куни 10 кишидан иборат дастлабки ишчи гуруҳи Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетди.
Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Макка ва Мадина шаҳарларида меҳмонхоналардан жойлар ажратилган бўлиб, уларга транспорт, озиқ-овқат таъминоти ва тиббий хизмат йўлга қўйилади. Меҳмонхонада махсус жиҳозланган ошхона ҳамда тиббиёт маркази ташкил этилган.
Ҳар 49 нафар зиёратчига биттадан тажрибали гуруҳ раҳбари (элликбоши) бириктирилган.
Шунингдек, зиёратчиларга 35 кишидан иборат ишчи гуруҳи, 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.
Зиёратчилар учун Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевидениеси дастурларини томоша қилиш имконияти яратилади.
Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш ва кузатиш ишлари Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган ҳаж ва умра масалалари бўйича атташе томонидан ташкил этилади.
Зиёратчилар Мадина шаҳрини 4 кун зиёрат қилганларидан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар.
Ҳаж сафаридан зиёратчилар 8-24 сентябрь кунлари қайтишлари режалаштирилган.